Сиднейдаги гаровгирлик ҳодисаси ниҳоясига етган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Австралия полицияси Сиднейдаги кафеда гаровдагиларни озод қилиш амалиёти тугаганини маълум қилган.

Жароҳатланганлар ҳақида турли хил маълумотлар берилмоқда.

CNN ўзининг австралиялик манбаларига иқтибосан хабар беришича, икки киши ҳалок бўлган.

Sydney Morning Herald рўзномасига кўра, тўрт киши яраланган.

Мухбирларга қараганда, гаровга олган киши ўлдирилган.

Австралия полицияси бундан олдин гаровга олган шахс эронлик ан Харон Монис бўлиб, Австралиядан сиёсий бошпана олганини билдирган.

Маълум бўлишича, Харон Монисга жинсий зўравонлик бўйича айблов илгари сурилган ҳамда гаров пули эвазига очиқда юрган.

Мониснинг ҳимоячиси мижозини одамови, камгап дея тасвирлаган. Унинг бошқа шериклари бўлмагани айтилмоқда.

Гаровга олиш

Бугун эрталаб Австралиянинг Сидней шаҳри марказида жойлашган Lindt қаҳвахонаси ичидаги инсонларни бир қуролли шахс гаровга олган.

Lindt маъмурияти бу пайтда қаҳвахона биносининг ичкарисида 30 мижоз, 10 ходими бўлгани ҳақида маълум қилган.

Бироқ полиция гаровга олинган инсонларнинг аниқ сонини билмаслигини айтган.

Австралия телевидениеси гаровга олиш ҳодисасини тўғридан-тўғри ёритишни бошлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Телекадрларда қаҳвахонанинг шиша деворларига қўлларини кўтарган ҳолда кўчага қараб турган гаровдаги инсонлар ва Араб ёзуви ёзилган қора байроқни кўриш мумкин бўлган.

Жанубий Уэльс штати полицияси гаровгирнинг шахси аниқлангани ҳақида хабар тарқатган.

Гаровга олиш ҳодисаси бошланганидан етти соат ўтиб қаҳвахонадан уч эркак ва икки аёл қочиб чиққан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Айрим оммавий ахборот воситаларида гаровгирнинг талаблари ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

Бироқ Жанубий Уэльс штати полицияси комиссари ўринбосари Кэтрин Бёрн матбуотда тарқалган талабларни тасдиқлай олмаслигини айтган.

У фақат полиция гаровгир билан музокаралар бошлаганини билдирган.

Lindt кафеси атрофидаги барча бинолардан одамлар эвакуация қилинган.

Сидней марказини полиция ва хавфсизлик кучлари ўраб олганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002