Эрдоган: рейдлар сўз эркинлигини бўғиш эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи APd

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон мухолифат журналистларнинг ҳибсга олинишини қоралаган Оврўпо Иттифоқига қарата ғазабнок нутқ билан чиққан.

"Оврўпо Иттифоқи ўзининг иши билан шуғуллансин ва хулосалари ўзида қолсин",- деган жаноб Эрдўғон Туркияда полиция томонидан ўтказилган рейдлар эркин матбуот тамойилларининг бузилиши деган танқидларга жавобан.

Оврўпо Иттифоқи раҳбарлари ўтказилган рейдлар ва ҳибсга олишлар Оврўпо қадриятларига тўғри келмаслигини таъкидлаганлар.

14 декабр куни камида 24 турк журналисти ҳибсга олинган, уларга ноқонуний ташкилот тузиш ва ҳокимиятни ноқонуний босиб олишга уриниш айбловлари илгари сурилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Амалиётлар Samanyolu TV телеширкати ва Zaman рўзномаси таҳририятлари биносида ўтказилган.

Бу таҳририятларнинг АҚШда яшайдиган туркиялик диний уламо Фетхулла Гулен билан яқин алоқаларда экани айтилади.

Эрдўғоннинг собиқ ҳамкори Гуленнинг ўзи Туркиянинг ичида параллел ҳукумат тузганликда айбланади.

Туркияда жаноб Гуленнинг ҳаммаслаклари кўп деб ишонилади.

Аҳамиятсиз

Оврўпо Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича вакили Федерико Могерини ва Оврўпо Иттифоқига аъзолик бўйича музокараларга масъул Йоханнес Ханнинг расмий баёнотида айтилишича, бу каби ҳибслар ва тинтувлар эркин матбуот шартларига тўғри келмайди.

Улар, шунингдек, Туркиянинг Оврўпо Иттифоқига қабул қилиниши "қонунларга тўлиқ риоя қилиш"га боғлиқдир, дея таъкидлаганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бироқ душанба куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон, "нима, улар(оврўполиклар) тўлиқ ишонч билан мурожаат қилишларига қараганда, бундай амалиётлардан хабардор бўлганларми? Бизга бу ҳақда Оврўпо Иттифоқи нима дейишининг бутунлай аҳамияти йўқ. Улар бизга Оврўпо Иттифоқи аъзолигини беришлари ёки йўқлигининг ҳам", деб айтган.

Жаноб Эрдўғон, рейдлар Туркия давлатини барбод этишни кўзлаган "ифлос амалиётлар"га қарши жавоб, деб айтган.

Туркия Бош вазири Аҳмат Довутўғли бош маслаҳатчиси Этен Махжубяннинг Би-би-сига айтишича, "Бизда Гулен ҳаракатининг бир қанча аъзолари қонунга қарши фаолият юритганлари ҳақида маълумотлар бор. Шунингдек, айнан бу журналистларнинг шу ҳаракатга алоқадор эканликлари ҳақида ҳам асосларимиз бор".

Рейддан бир неча кун олдин Президент Эрдўғон Туркияда мухолифатдаги Гуленнинг тарафдорларига қарши янги кампания бошлашга ваъда берганди.

Ўтган йили ҳам жаноб Эрдўғон бир неча марта ҳуқуқ-тартибот идораларидаги "гуленчилар"ни коррупция айбловларидан фойдаланиб, ўзини қудратдан ағдаришга эришмоқчи бўлганликда айблаганди.