Рамзан Қодиров сўзлари ортидан тергов бошланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Грознийдаги сўнгги ҳужумларни қандайдир Каляпин молиялаган деб айтган сўзларидан кейин Россия Тергов қўмитаси текширув бошлаган.

Тергов қўмитаси Чеченистондаги "Қийноқларга қарши қўмита" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Игор Каляпинга бўлган муносабатни ўрганишни бошлаган.

Рамзан Қодиров 4 декабрда Грозний шаҳрида ҳужум содир этган жангариларни молиялаштиришга "қандайдир Каляпин алоқадор" деб айтган.

Ҳуқуқбоннинг ўзи журналистларга билдиришича, Тергов қўмитаси вакиллари у билан боғланишган.

Бундан олдин Каляпин Рамзан Қодировнинг жангарилар ҳужумидан сўнг айтган сўзлари бўйича Бош прокуратурага мурожаат қилган.

Рамзан Қодировнинг сўзларига кўра, Чеченистонда боласининг қилмиши учун ота-она жавоб бермайдиган замон ниҳоясига етган.

Жаноб Қодировнинг ушбу сўзларидан сўнг Грознийдаги ҳужумга масъул жангариларнинг яқинларига тегишли бир неча уйга ўт қўйилгани кузатилган.

"Айбдорни маҳкама жазолайди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

"Қийноқларга қарши қўмита" раҳбари Игор Каляпин Бош прокуратура ва Тергов қўмитасига Рамзан Қодировнинг баёноти муносабати билан ўз лавозимини суистеъмол қилиш бўйича жиноий иш очишни сўраб мурожаат қилган.

Бунга жавобан Рамзан Қодиров "Қандайдир Каляпин каллакесарлар ва уларнинг қариндошлари ҳимоясига чиқибди. Чеченистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан мен шуғулланаман", деб ёзган ўзининг Instagramдаги саҳифасида.

Қодиров, шунингдек, ҳуқуқ фаолини террорчилар билан тил бириктиришда айблаган.

"Керакли идораларда хорижий махсус хизматларнинг Ахмат Умаров номидан пуллари жангариларга Каляпин фамилияли киши орқали етказилган. Шу Каляпин ҳақида сўз кетмаяптимикан, буни текшириш, исботланса чора кўриш керак", деган.

Айни пайтда "Эхо Москва" радиосининг хабар беришича, Тергов қўмитасининг текширувлари Россия Президенти Владимир Путининг 18 декабрдаги матбуот анжуманида Қодиров баёнотига нисбатан айтган сўзларидан кейин бошланган.

Чеченистон раҳбарининг жангарилар ҳақидаги сўзларига ўзининг муносабати ҳақидаги саволга жавоб бера туриб, Президент Путин "Россияда ҳамма мамлакат қонунларига риоя қилиши шарт. Маҳкама ҳукм чиқармагунча, ҳеч ким айбдор деб ҳисобланмаслиги" ва "маҳкамагача қандайдир жазо тайинлашга ҳеч кимнинг, жумладан Чеченистон раҳбарининг ҳам ҳаққи йўқ"лигини айтган.

Путин ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари уйлар ёқиб юборилгани ҳақидаги маълумотларни текширишларини билдирган.

Жангариларнинг қариндошларига тегишли уйлардан ташқари Грознийдаги "Қийноқларга қарши қўмита" идорасига ҳам ўт қўйилган.

Қўмита Чеченистонда фаолият юритаётган кам сонли ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларидан ҳисобланади.

Ҳуқуқ фаоллари қалтис вазиятга қарамасдан, Чеченистонда ишларини давом эттирмоқчилар.

Уларнинг фикрича, ҳуқуқ фаолларига нисбатан босимлар қўмитани республикадан чиқариб юборишга қаратилган амалдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ