Шимолий Корея АҚШга ҳужум қилиш билан таҳдид солмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Sony Pictures

Шимолий Корея Америка Қўшма Штатларига қарши ҳужумлар амалга оширишини айтиб таҳдид қилди.

Аввалроқ Шимолий Корея раҳбари ҳақидаги фильмни яратган Sony Pictures вебсаҳифасига хакерлар ҳужуми уюштирилганди.

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг гўёки ўлдириб кетилиши ҳақидаги фильмга алоқадор кибер ҳужумларга Шимолия Корея ўз алоқаси борлигини рад қилмоқда.

Лекин, расмий Пхенян кескин баёнот чиқариб, Оқ Уй, Пентагон ва "бутун АҚШ замини"га қарши ҳужумлар қилишини айтиб огоҳлантирди.

АҚШга қарши бу каби таҳдидларни Шимолий Корея аввал ҳам қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Баёнот чиқишидан бир кун аввал АҚШ ҳукумати Шимолий Кореяни Sony Pictures ширкатига қарши кибер ҳужумларни амалга оширишда расман айблади.

"Корея Халқ Демократик Республикаси армияси ва халқи ҳар қандай жанг майдони, хусусан кибер жанг майдонида АҚШга қарши чиқишга тайёрдир", - дейилади Шимолий Кореянинг расмий хабар агентлиги баёнотида.

Баёнот Президент Обамани Шимолий Корея кибер ҳужумлар ортида экани ҳақида ёлғон мишмишларни тарқатишда айблайди.

Унда, шунингдек, хакерлик ҳужуми ортида ким бўлишидан қатъий назар, Шимолий Корея бу ҳужумчиларни қўллаб-қувватлаши айтилади.

Хакерлик ҳужуми ортидан Sony Pictures Шимолий Корея лидери ҳақидаги "Интервью" номли кинокомедияни чиқармасликка қарор қилди.

Хакерлар, шунингдек, келгуси Жеймс Бонд фильми сценарийси ва Голливуд продьюсерлари ўртасидаги электрон ёзишмаларни ўғирлаб, интернетда чоп қилганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002