Шимолий Корея ўн соат давомида интернетсиз қолди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Шимолий Кореяда жуда кам сонли аҳоли интернетдан фойдалана олади.

Шимолий Корея интернет тизими мислсиз узилишлар орқасидан секин-аста тикланмоқда, деб хабар беради америкалик экспертлар.

Интернет тизимидаги носозликлар АҚШ Шимолий Кореяни Sony Pictures киноширкатига киберҳужумда айблашидан бир неча кун ўтиб содир бўлган.

Расмий Пхенян бу борада ҳозирча изоҳ бермаган.

Американинг Dyn Research ширкатига кўра, узилишлар деярли 10 соат давом этган. Шимолий Кореянинг Хитой орқали интернетга чиқадиган тўрт расмий нуқтаси дам олиш кунлари муаммоларга учраган. Хитой бу узилишларга алоқаси йўқлигини айтмоқда.

Dyn Research ширкатининг интернет таҳлиллари бўйича директори Дуг Мейдори "Шимолий Кореяда интернетда узилишлар доимий учраса ҳам, бу сафаргиси аввалгиларига ўхшамайди", деган. Унинг журналистларга айтишича, интернет алоқаси носозлиги дам олиш кунлари давом этган ва душанба куни авж нуқтасига етиб, бутунлай узилган. Жаноб Мейдори Шимолий Корея интернет тизимига кибер ҳужум бўлганини истисно қилмаган.

Бундан олдинроқ АҚШ Президенти Барак Обама Sony Pictures ширкатига етказилган зарарга қарши керакли жавоб берилишини ваъда қилганди. Айни вақтда Америка расмийлари Шимолий Корея интернет тизимида юзага келган йирик муаммога алоқадорликларини изоҳлашдан бош тортганлар.

DOS-ҳужум

Таҳлилчиларга кўра, узилишларни компютер дастуридаги хатоликлар қатори кибер ҳужумлар келтириб чиқарган бўлиши мумкин.

Arbor Networks технология ширкати шанба куни Шимолий Корея инфратизимига DOS ҳужумларини қайд этган. Ушбу ҳужумлар шундан иборатки, интетнет хизматлари бир вақтнинг ўзида кутилмаган бир хил тарздаги улкан сўровларни олишга мажбур бўлади.

"Биз бу хабарни қандайдир изоҳламаймиз ёки ўзимиз ўтказадиган амалиётларнинг тафсилотларини омма олдида муҳокама қилмаймиз", -деб айтган АҚШ Давлат департаменти вакили Мэри Харф.

"Шуни айтишим мумкинки, биз амалга оширган жавоб амалларининг баъзилари сезиларли, бошқалари унча кўзга ташланмайди", деган у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Sony Pictures ширкати Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Инга нисбатан суиқасд режаси акс эттирилган "Интервью" филмини ниҳоясига етказгани хабаридан бироз вақт ўтиб, ширкатнинг улкан маълумотлари киберҳужум орқали ўғирланган эди. Шимолий Корея бу ҳужумга алоқасини инкор қилсада, уни амалга оширилишини олқишлаган. Интернетда ҳали намойишга чиқарилмаган Голливуд филмлари, шунингдек, Жеймс Бонд картинасининг сценарийси ва ширкат раҳбариятининг шахсий ёзишмалари ошкор этилган.

"Интервью" филми АҚШ кинопрокатларида Рождество кунлари чиқарилиши мўлжалланган, бироқ хакерларнинг ширкат ва томошабинларга таҳдидлари туфайли Sony Pictures филм намойишини бекор қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи fdd

Шимолий Корея дунёдаги энг ёпиқ мамлакатлардан бири ва аҳолининг жуда оз қисмидагина интернетга кириш имкони бор. Ўтган йилда интернетга кирувчилар сони 1,2мингдан ошмаган. Улар ҳам партия мулозимлари, тарғиботчилар, ташқи ишлар вазирлиги ходимлари, элчихоналар, қўшма корхоналар ва хавфсизлик хизматларига маҳсулот тайёрловчи идора вакилларидир. Интернетга кирувчилар шахсан Ким Чен Иннинг рухсати билан тасдиқланади. Ташкилотлар фақатгина махсус рухсатнома билан интернетга улана оладилар.

Шимолий Кореяда интернет тизимидаги улкан узилишлар БМТ Хавфсизлик Кенгашининг мамлакатдаги инсон ҳуқуқларининг бузилишини муҳокама қилиши билан бир пайтга тўғри келган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ