Олмония: Аксилислом митингга 17000 намойишчи тўпланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шарқий Олмониядаги Дрезден шаҳридаги Исломга қарши намойиш рекорд даражадаги кўп иштирокчини жалб қилгани Берлинда кўпчиликни ларзага солган, дея хабар қилмоқдалар мухбирлар.

Бу мамлакатда ўнг қанот сиёсат тарафдорлари сони ортаётганидан далолат ва мамлакат сиёсатчиларини хавотирга солмоқда.

Ўзини “Ғарб исломийлашишига қарши ватанпарвар оврўполиклар”( Pegida ) деб атаган гуруҳ октябр ойидан буён ҳафтада бир намойиш ташкил қилиб келмоқда, гуруҳнинг 22 декабр тунидаги сўнгги митингига шу даражада кўп дастакловчи йиғилган.

Намойишчилар Исо мавлуди байрами қўшиқларини айтишган, Олмонияда муҳожирлар ва қочқинлар кўпайиб кетаётгани ҳақида маъруза қилган маърузачиларни тинглаганлар.

Дрезден полицияси намойишчиларнинг сонини 17500 атрофида деб санагани ҳақида маълум қилган.

Бир ҳафта олдин Дрезден шаҳридаги Семперорер концерт зали ташқарисида 15000 намойишчи тўпланган эди.

“Нацистлардан холи Дрезден” деб номланган шиор остида тахминан 4500 киши ҳам шаҳар кўчалари бўйлаб юриш уюштирганлар.

Клар Холокост сингари фожеаларга етаклайдиган ирқчилик ва ксенофобияга Олмонияда жой бўлмаслиги лозим, деб чиқишган.

Бироқ Pegidaнинг аксар дастакловчилари ўзларини нацист эмас, Олмониянинг насронийликка асосланган маданият ва анъаналарини ҳимоя қилиш мақсадини кўзлаган ватанпарварлар эканини айтадилар.

Олмония канцлери Ангела Меркел ҳамда бошқа сиёсатчилар ўз ватандошларини Pegida намойишларига чиқмасликка чақириб келадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer