Россия янги ҳарбий доктринаси: асосий таҳдид - НАТО

Президент Владимир Путин Россиянинг янги ҳарбий доктринасини имзолаган.

Доктрина матни билан танишган Россия оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, ушбу ҳужжатда Россия учун энг асосий ҳарбий хавфлар сифатида НАТО қудратининг ошириб борилаётгани ва айрим минтақалардаги беқарорлик қайд этилган.

Шунингдек, ички таҳдидлар сифатида Россия айрим ҳудудларини беқарорлаштириш ва терроризм фаолияти кўрилади.

Бундан олдин Президент Владимир Путин 2010 йилда маъқулланган Россиянинг ҳарбий доктринасини бекор қилиш ҳақидаги фармонга имзо чеккани ҳақида хабар қилинган эди.

Ўзининг 2014 йил якунларига бағишланган журналистлар билан мулоқотида Президент Путин Россиянинг ҳарбий доктринаси бундан кейин ҳам мудофаа йўналишида бўлиб қолади деб айтган эди.

Янги доктринада россияликларга ахборот таъсир ўтказиш ҳам ҳарбий таҳдидлардан деб кўрилади.

Ҳужжатда айтилишича, Россия аҳолиси, айниқса, ёшларнинг ватанни ҳимоя қилиш бўйича тарихий, маънавий ва ватанпарварлик анъаналарини бузиш ҳам информацион таъсир деб кўрилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

2014 йил мартида Россия Украина ҳудуди бўлган Қрим ярим оролини аннексия қилди.

Украина шарқида мустақил Донецк ва Луганск халқ республикаларини барпо этиш ўзларининг мақсади эканини айтадиган қуроллиларни Россия ҳарбий дастаклаб келаяпти, деб кўрилади.

Россия эса ўз ҳарбийлари Украина шарқидаги жанговор амалиётларга қўшилганини рад этиб келади.

Сўнгги журналистлар билан мулоқотида Президент Путин Украина шарқида жанг қилаётган россияликлар "ўз юрак амри" билан борган кўнгиллилар, деб айтган.

Украина инқирози боис Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ Россияга қарши жазо чораларини киритган.

Бир неча кун олдин эса Украина парламенти мамлакатнинг ҳарбий блокларга қўшилмаслик мақомини бекор қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллаган.

Бу эса Украинанинг НАТОга аъзо бўлиб кириши учун эшик очилиши деб талқин қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ