Обама: Путин Қримни олиб катта хатога йўл қўйди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Россияга нисбатан санкциялар Путин Қримни аннексия қилиб, қанчалик йирик стратегик хатога йўл қўйганини кўрсатади, деб айтган АҚШ Президенти Барак Обама Америка Миллий жамоатчилик радиосида қилган чиқишида.

Унинг сўзларига қараганда, бундан бир неча ой олдин Вашингтонда Путин ҳақида Ғарбни ўзининг уста сиёсатчилиги билан доғда қолдириб, Россия қудратини оширди деб қарашган.

"Ўшанда мен биз Россия билан уруш қилишни хоҳламаймиз, лекин оврўполик ҳамкорларимиз билан бирга унга зарур босимларни қўллашимиз мумкин", деб айтгандим.

Путин бизнинг ҳаммамизни устамонлик билан алдадим ва қўрқитдим, Россия мавқеини тикладим, деб ўйлади.

Бироқ, халқаро санкциялар Москва учун айнан муҳим бўлган нефтнинг халқаро бозордаги нархига қаратилди. "Биз бу жараёнда Россия иқтисодини ушлаб турадиган асосий омил бу нефт нархи эканлигидан келиб чиқдик, Кремл буни йўлга солиши жуда мушкул", деб қайд этади жаноб Обама.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бугунга келиб Путин у қадар ҳам ақлли иш тутмаганини аввало Россия ташқарисидагилар тушуна бошлашди, дейди у.

Қрим аннексиясидан кейин шу йилнинг мартидан бошлаб Ғарбнинг, Япония ва Австралиянинг Россияга нисбатан санкциялари бир неча бор киритилди.

Санкциялар орқасидан рублнинг доллар ва еврога нисбатан қадри 40 фоизга камайди. Жаҳон банки Россиянинг 2015-2016 йиллар иқтисоди ёмонлашишини башорат қилди. Мутахассислар 2015 йилда Россия иқтисоди рецессиясини айтишмоқда.

Россияда давлат харжлари деярли тўлиқ ҳолда нефт нархига боғлиқ. Жаҳон бозорида нефтнинг икки бараварга арзонлашгани ва санкциялар ташқи маблағларни жалб қилишга йўл бермаслиги Россияни ўта мушкул аҳволга солиб қўяди.

Охирги ҳафтада бироз қаддини тиклаган рубл доллар ва еврога нисбатан яна пасайгани кузатилган. Бир доллар олдинги кунлардан 3,36 рубл арзонлашиб, 54,96 рубл бўлгани қайд этилган.

Шунингдек, нефт баррели 57 долларгача тушган.

Путин- йил одами

Бироқ йил охирида ўтказиладиган анъанавий сўровлар Путининг Россияда обрўйи ҳануз баландлигини кўрсатади.

Бутун Россия жамоатчилик фикрини ўрганиш марказига кўра, Владимир Путин йил одами сифатидаги сўровда 81 фоиз, Дмитрий Медведев 28 фоиз, Сергей Шойгу 26 фоиз овоз олган.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эса кўнгилли чечен жангчилари Путинни Ғарб таҳдидидан ҳимоя қилишини айтиб чиққан ва Путинга содиқликка ваъда берган.

Қрим

Айни пайтда Киевда матбуот анжумани ўтказган Украина Бош вазири Яценюк Россия аннексия қилган Қримни қайтариш яқин келажакда йўқлигини айтган.

"Агар Худо бизни қўлласа, Қрим устидан назоратни қайтарамиз. Бўлмаса, бу вазифани болаларимиз ёки невараларимиз амалга оширишади", деб таъкидлаган Яценюк.

Унинг фикрича, қисқа муддатларда Россия Украинанинг яқин савдо ҳамкорлари рўйхатидан ҳам чиқади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ