БМТ Фаластин масаласи бўйича резолюцияни тасдиқламади

Фото муаллифлик ҳуқуқи n
Image caption Исроил Фаластиннинг босиб олинган ҳудудларидан 2017 йил охиригача чиқиб кетиши талаб қилинган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгаши Исроилнинг Фаластин қамалига чек қўйиши масаласи кўтарилган резолюцияни тасдиқламаган.

Ҳужжатда Исроил армиясининг Фаластиннинг босиб олинган ҳудудларидан 2017 йил охиригача чиқиб кетиши ва тинчлик битимига эришилиши талаб қилинганди.

Резолюция зарур 9 овозни йиға олмагани айтилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Резолюциянинг қабул қилиниши Фаластиннинг мустақил давлат сифатида мавқеи учун муҳим эди.

Ҳужжатни саккиз давлат, Россия, Хитой, Аргентина, Чад, Чили, Иордания ва Луксембург вакиллари қувватлаб овоз берганлар. АҚШ ва Австралия қарши чиққан. Британия, Литва, Нигерия, Корея ва Руанда давлатлари бетараф қолганлар.

Исроил ҳужжатни "ҳийла" деб атаган. Резолюциянинг қабул қилиниши Фаластиннинг мустақил давлат сифатида мавқеи учун муҳим бўлган.

Бироқ тўққиз овоз йиғилган тақдирда ҳам унга қарши АҚШ вето ҳуқуқидан фойдаланиб тўхтатиши мумкин эди.

Бундан аввал араб давлатларининг ёпиқ йиғилишида 22 элчи лойиҳани ёқлаб овоз берганлар.

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Саманта Пауэрнинг фикрича, резолюция лойиҳаси Исроил манфаатларини ҳисобга олмайди.

Фаластин мухторияти мақоми

1988 йил ноябр ойи Жазоирда Фаластин давлат сифатида эълон қилинган. Россия ва Швеция дохил дунёнинг 135 давлати томонидан тан олинган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида бундан икки йил олдин Исроил ва АҚШнинг қаршилигига қарамасдан Фаластин мухториятига кузатувчи давлат мақоми берилганди.

Фаластин мухторияти мақоми учун 138 мамлакат овоз берган, 41 давлат вакиллари бетараф қолишган.

АҚШ, Исроил, Канада, Маршал ороллари, Микронезия, Науру, Палау, Панама ва Чехия давлат вакиллари қарши чиқишган.

Президент Маҳмуд Аббос Фаластиннинг мақоми учун овоз бериш "икки давлатни тузишни сақлаб қолиш" борасида охирги имкониятлигини таъкидлаган.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху овоз беришни "мазмунсиз" деб атаб, Маҳмуд Аббосга қарата Нью Йоркда тинчликни хоҳлаган одамнинг сўзлари янграмади, деган.

Исроил "Фаластиннинг мақомини ошириш тинчликка ёрдам бермайди, аксинча уни узоқлаштиради", деб ҳисоблайди.

АҚШ фикрича, Фаластинга берилган мақом тинчлик йўлига ғов бўлиши мумкин.

Қарордан сўнг Фаластин давлати БМТ музокараларида қатнашиши, шунингдек, Халқаро жиноят маҳкамаси каби ташкилотларга кириш имконига эга бўлган эди.

Фаластин мухторияти ўз ҳуқуқлари учун халқаро майдонда курашиб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002