Миср: Ал-Жазира журналистларига ҳукм қайта кўриб чиқилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Журналистлар айбларни рад этишади

Миср Олий маҳкамаси нотўғри ахборот тарқатишда айбланиб, маҳкум этилган уч нафар Ал-Жазира журналистлари устидан ҳукмни қайта кўриб чиқишга буйруқ берган.

Қарор Питер Гресте, Муҳаммад Фаҳмий ва Баҳер Муҳаммаднинг Қоҳирадаги аппеляция маҳкамалари ортидан чиқарилган.

Ҳимоячиларга кўра, қораловчилар ҳукмда жиддий муаммолар борлигини тан олганлар.

Янги маҳкама бир ой ичида бўлиб ўтади, аммо журналистлар бу муддат ичида ҳибсда қолишади.

Ал-Жазира Миср расмийларини журналистларни дарҳол озод қилишга чақирган.

Ал-жазира мухбирлари 2013 йилда Миср ҳарбийлари Президент Муҳаммад Мурсийни ҳокимиятдан ағдарганидан сўнг "Мусулмон биродарлар" билан ҳамкорлик қилишда ҳам айбланганлар.

Улар барча айбларни рад этишади ва фақат воқеаларни ёритиш билан машғул бўлганликларини айтадилар.

Журналистларнинг икки нафари чет эл фуқаролари-Питер Гресте Австралия, унинг ҳамкасби Муҳаммад Фаҳмий эса ҳам Миср ва ҳам Канада фуқаросидир.

Питер Гресте аввал Би-би-сида ишлаган.

Журналистлар 2013 йилнинг декабрида ҳибсга олинган ва шундан буён Қоҳиранинг қаттиқ қўриқланадиган қамоқхонасида сақлаб келинади.

Ал-Жазира Гресте, Фаҳмий ва Муҳаммаднинг бир йилдан ортиқ вақт мобайнида адолатсиз равишда қамоқда тутиб турилганликларини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ