Швеция: учинчи масжидга ўт қўйилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP TT

Швецияда бир ҳафтанинг ичида учинчи масжидга ўт қўйишга уринилган, полиция ўт қўйган шахсларни қидиришни бошлаган.

Уппсала шаҳри полицияси масжидга ичига ёнилғи тўлдирилган идиш отган одамларнинг шахсини аниқлашга киришган.

Масжидларга сўнгги ҳафта ичида қилинаётган ҳужумлар кўпчиликни хавотирга солган.

Бу ҳужумлар Швециянинг муҳожирлик сиёсатига қарши бўлган экстремистик қарашдаги инсонларнинг жинояти деб кўрилмоқда.

Швеция бир йилда 100 минг қочқинни қабул қилиш сиёсатига эга.

Би-би-си мухбири Мальколм Брабант хабар қилишича, Уппсала шаҳридаги ҳужум олдинги икки ҳужумдек жиддий бўлмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Гувоҳлар молотов коктейли деб аталадиган идишнинг масжид ичига тушиб аланга олишига йўл қўймаганлар, ўчиришга муваффақ бўлганлар.

Ҳужумчилар қочиб қолишдан олдин бино деворига граффити чизишга улгурганлар.

Аммо ушбу ҳужум мамлакатда мусулмонларга қарши қаратилган кампания кучайиб бораётганидан далолатдир.

Бундан олдин Эскилтуна ва Эслов шаҳриларидаги масжид сифатида фойдаланилган биноларга ичига ёнилғи тўлдирилган идишлар отилгани оқибатида бинолар олов ичида қолиб вайрон бўлган.

Швеция расмийлари хабар қилишича, масжидларга ўт қўйганларнинг шахсларини аниқлаш ишларига полицияга жосуслик идоралари ҳам ёрдамлашмоқда.

Ҳужумларда неонацист қарашдаги инсонлар гумон қилинмоқдалар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Швециядаги миллатчи Демократлар партияси муҳожирлар сонини 90 фоиз қисқартириш сиёсатини илгари суриб келмоқда.

2014 йил декабрида келгуси йил бюджети атрофидаги баҳс Швециядаги муддатидан олдин сайлов ўтказиш вазиятига олиб келган эди.

Бироқ декабр ойининг охирида сўл қанот социал-демократлар мухолифатдаги консерваторлар билан келишувга эришишга муваффақ бўлганлар.

Бунга миллатчи демократларнинг қатор сиёсий масалалардаги радикал ёндашувлари ундаган.

Аксар шведлар муҳожирликни чеклаш сиёсатини ирқчилик сиёсати сифатида кўрадилар, Эскилстуна шаҳри масжидига ўт қўйилганидан кейин кўплаб оддий шведлар келиб масжид биносига ўз дастакларини изҳор этиб, гул ва ёзувлар қўйиб кетганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ