Сурия можароси: 2014 йилда 76 минг одам ҳалок бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

2014 йил Cурия учун энг ҳалокатли йил бўлди.

Британияда жойлашган Сурия Инсон Ҳуқуқлари Обсерваторияси маълум қилишича, ўтган йил давомида 76 мингдан зиён инсон ҳалок бўлди.

Унга кўра, қурбонларнинг 17,790 нафари оддий сурияликлардир.

Уларнинг уч ярим мингдан кўпроғини ёш болалар ташкил этган.

Ироқдаги можарода эса 2014 йилда 15 мингдан кўпроқ инсон ҳалок бўлди.

Зўравонликларнинг кучайишига Исломий Давлат ва бошқа қуролли гуруҳларнинг икки мамлакатда йирик ҳудудларни қўлга киритгани сабаб қилиб кўрсатилади.

АҚШ бошчилигидаги кучларнинг Исломий Давлат гуруҳига қарши ҳаво ҳужумлари, Сурияда ҳукумат қўшинлари ва исёнчилар ўртасидаги жанглар ҳамда Ироқдаги мазҳабий урушлар қурбонлар сонининг ортишига "ҳисса" қўшган.

Суриядаги қурбонларга оид рақамларни мустақил манбалардан тасдиқлатиб олишнинг имкони йўқ, аммо Сурия Инсон Ҳуқуқлари Обсерваторияси рақамларни мамлакатнинг турли бурчакларида фаолият юритувчи манбаларидан олганини айтади.

Обсерваторияга кўра, ҳаммаси бўлиб 76021 инсон ҳалок бўлган.

2013 йил давомида 73447 нафар инсон қурбон бўлганди.

Шундай қилиб, Сурияда 2011 йилда бошланган можарода ўлдирилганлар сони 200 мингдан ошди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02