Курдлар Кобаненинг 80 фоизини "Исломий Давлатдан тортиб олишди"

Расмий маълумотга биноан, Сурия шарқидаги Кобане шаҳрида Исломий Давлат (ИД) жангариларига қарши курашиб келаётган курдлар ҳозирда муҳим туманни қўлга киритганлар ва шаҳарнинг 80 фоизини ўз назоратлари остига олганлар.

Сурия инсон ҳуқуқлари кузатув гуруҳига кўра, Пешмерга қўшинлари дастагида курд жангчилар Кобанедаги хавфсизлик идоралари, жумладан полиция қароргоҳи жойлашган мавзени қўлга олганлар.

ИД Кобанега сентябрь ойида бостириб кириб тез орада бутун шаҳарни эгаллаб олганди.

Ундан бери АҚШнинг ҳаводан қилган ҳужумлари ёрдамида курд жангчилари мунтазам равишда ИДни сиқиб чиқара бошлаганлар.

Кобанелик расмий Идрис Нассан охирги хабарларни тасдиқлади, ҳамда ИД жангчилари ҳали ҳам шаҳар шарқидаги Мақтала ва Кани Кордан туманларини ушлаб турганини айтди.

"Умид қиламизки, келгуси бир неча кун ичида курд жангчилари бутун шаҳар устидан назоратни қўлга киритади", - деди у.

Жаноб Нассанга кўра, ИДга қарши кураш ва ҳаводан ҳужумлар анча шиддатлироқ тус олган.

АҚШ Бош қўмондонлиги якшанба кунининг ўзида Кобанега саккиз марта ҳаводан ҳужум қилингани ва ИДнинг 11та мавқеи йўқ қилинганини билдирди.

ИДнинг Кобанега бостириб кириши оқибатида минглаб қочқинлар шаҳар яқинидаги турк чегарасини кесиб ўтганлар. Жангларда юзлаб одамлар нобуд бўлишган ва аёллар қулликка олинганлар.