Париждаги рўзнома таҳририятига ҳужумда 12 киши ҳалок бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Президент Олланд ҳукуматнинг фавқулодда йиғилишини чақирган

Франция расмийларига кўра, Париждаги Charlie Hebdo ("Чарли Эбдо") ҳажвий нашри таҳририятига уюштирилган ҳужумда 12 киши ҳалок бўлган, 10 киши яраланган.

Полициянинг билдиришича, ярадорлардан 5 нафари оғир аҳволда.

Мусулмон раҳбарларини ҳажв қилган нашр бундан аввал ҳам ҳужумга учраган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

2011 йилда Муҳаммад Пайғамбарни ҳажв қилувчи карикатураларни чоп этиши ортидан унинг идорасига қўлбола бомба улоқтирилган.

Нашрнинг энг сўнгги карикатураси "Исломий Давлат" раҳбари Абубакр ал-Бағдодий ҳақида бўлган.

Шоҳидларнинг айтишларича, ҳужумда Калашников автоматлари билан қуролланган бир неча киши иштирок этган.

Франция Президенти Франсуа Олланд ҳодиса жойига етиб келган, унинг фожиали ҳодиса юзасидан ҳукуматнинг фавқулодда йиғилишини ўтказиши кутилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Жаноб Олланд, ўзининг таъбирича, Франция республикасининг тамойилларига ҳужум қилганлар"ни топиб, жазолашга ваъда берган.

У ҳужумни Францияга қарши террорчилик амали" деб атаган.

Президентнинг айтишича, сўнгги ҳафталарда бир неча террорчилик ҳужумларининг олди олинган.

Париждаги отишмани Британия бош вазири Девид Камэрон қоралаб чиққан.

Жаноб Камэрон Британия терорга қарши кураш ва матбуот эркинлигини ҳимоя қилишда Францияни дастаклашини айтган.

Ҳужум ортидан Франция полицияси мамлакатдаги матбуот идораларини огоҳликни оширишга чақирган.

Янги йил арафасида хавфсизлик чоралари шундоқ ҳам кучайтирилган, полиция исломий жангариларнинг эҳтимолий ҳужумларидан огоҳлантирган эди.

"Исломий Давлат" Францияга ҳужум уюштириш билан таҳдид қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters