Қочқинларнинг бошига қақшатқич аёзлар ҳам тушди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бутун Яқин Шарқ минтақасида бир неча кундан буён ҳаво ҳарорати 0 даражадан пасайиб кетган, кўп қор ёғиб, ёзги кийимларда яшаб юрган миллионлаб қочқинларнинг аҳволини бадтар оғирлаштирган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти чодирларда кун ўтказиб келаётган қочқинларнинг аҳволидан "ҳаддан зиёд хавотир"ини изҳор этган.

Ҳозирги пайтда Сурияни 3 миллион 200 мингдан ортиқ инсон ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ливаннинг Бекаа водийсидаги тоғларга қалин қор ёққан.

Бу ердаги қочқинлар жамлоқларида юз минглаб суриялик қочқинлар жон сақламоқдалар.

"Франс Пресс" ахборот агентлигининг Ливан расмийларига таяниб хабар қилишича, тоғ оша Суриядан Ливан ҳудудига ўтишга ҳаракат қилган ва совуқда ўлиб қолган бир эркак ва ва олти яшар боланинг жасади топилган.

Бекаа водийсидаги қочқинлар жамлоғида вақтинчалик мактаб вазифасини ўтаган чодир қор қалинлигидан қулаб тушган.

Сурия пойтахти Дамашқда ҳам қалин қор ёққан.

Маориф вазирлиги ўқув муассасаларида машғулотлар бекор қилинганини эълон этган.

Туркияда ҳам охирги кунларда устма-уст қор ёғмоқда.

Бу мамлакатга 1 миллион 60 мингдан ортиқ суриялик қочқин ўтган.

Ливанда 1 миллион 150 мингга яқин, Иорданияда 622 мингдан ортиқ суриялик жойлашган.

БМТ қочқинлар жамлоқларидаги инсонларга қўшимча кўрпа-адёл тарқатишни бошлагани ҳақида хабар қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ