АҚШ жосуслик агентлиги собиқ раҳбари маҳкамага тортилиши сўралмоқда

Image caption Пола Броудвел Генерал Петреуснинг биографиясини ёзган

АҚШда прокурорлар Марказий жосуслик агентлигининг собиқ директори Девид Петреус собиқ машъуқаси - Ню-Йорк Таймс газетаси мухбирига давлат сирларини ошкор қилгани учун маҳкама тортилишини талаб қилишди.

Собиқ генерал жаноб Петреус ўзи ва Пола Броудвел ўртасидаги ишқий алоқалар 2012 йилда фош этилиши ортидан Марказий жосуслик агентлиги раҳбари лавозимидан истеъфога чиққан.

У мазкур лавозимни эгаллашидан аввал Ироқ ва Афғонистондаги АҚШ кучлари қўмондони бўлган.

Ню-Йорк Таймс газетаси хабар тарқатишича, АҚШ Адлия вазирлиги жаноб Петреус агентлик раҳбари лавозимида бўлган даврида Броудвел хонимга ўз иш электрон почтасига киришга рухсат бергани ва бошқа давлат сирларини фош қилгани даъволарини тергов қилмоқда.

Айтилишича, Федерал тергов бюроси Броудвел хонимнинг компьютеридан махфий маълумотларни топган.

Жаноб Петреуснинг адвокати шарҳ бермади.

Бироқ, Ню-Йорк Таймс ёзишича, жаноб Петреус Броудвел хонимга ҳеч қачон махфий маълумотларни узатмаганини айтган.

Икковлон ўртасидаги ишқий алоқа 2011 йилда Броудвел хоним жаноб Петреуснинг биографиясини ёзаётганида юзага келгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002