Дунё раҳбарлари Париждаги бирдамлик юришига йиғилдилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Якшанба куни дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакат раҳбарлари Парижда хуружлар қурбонлари хотирасига бағишлаб ўтказилган бирдамлик юришида қатнашдилар.

Париждаги икки ҳодисада 17 киши ҳалок бўлганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Франция пойтахти кўчаларига уч миллиондан ортиқ киши чиққан.

Улкан сондаги парижликлар пойтахтнинг Бастилия майдони ва бошқа кўчаларини тўлдирганлар.

Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун 1350 ҳарбий ва 2000 полициячи жалб этилган. Юриш жараёнини уйларнинг томига жойлаштирилган снайперлар кузатиб туришган.

Шу билан бирга, полиция Париждаги Шарли Эбо сатирик журнали ва яҳудийлар дўконига ҳужум қилганларнинг шерикларини қидирмоқда.

Франция Ички Ишлар вазири мамлакатда яқин ҳафталарда террор хавфи кучлилигини билдирган.

Бернард Казнев якшанба кечқурун Оврўполик ҳамкасблари билан учрашиб, хавфсизлик масалаларини муҳокама қилади.

Хавфсизлик чоралари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Жаноб Казнев Париждаги юришда алоҳида хавфсизлик чоралари кўрилганини, хусусан снайперларнинг шайлигини таъкидлаган.

Бирдамлик ҳаракатида қатнашганлар орасида Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон, Олмония канцлери Ангела Меркел, Фаластин Мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос, Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху ва Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавровлар бор.

Марокаш Ташқи Ишлар вазири Салоҳиддин Мезияр Парижга ташриф буюрган бўлса ҳам, пайғамбарга нисбатан карикатуралар ва акция қатнашчилари кўтариб олган плакатлардаги аксларни шаккоклик эканини айтиб, ҳаракатда қатнашишни инкор қилган. Бироқ Париж раҳбариятига ўз таъзиясини билдирган.

Би-би-си мухбири Крис Морриснинг хабар қилишича, юриш маҳаллий вақт билан 15.00 да ҳужум қурбонларининг қариндошлари бошчилигида Place De La Republiqueда бошланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

Ундан олдин Франция Президенти Франсуа Олланд яҳудийлар жамоаси вакиллари билан учрашган.

Айни пайтда "Миллий фронт" раҳбари Марин Ле Пен ўзининг тарафдорларини бугунги маршда иштирок этмасликка чақирган. Намойишга иштирок этиш таклиф қилинганлар орасида Марин ле Пен йўқ.

Марин Ле Пен ҳозирги Франция ҳукуматини бу марш билан ўз рейтингини кўтариб олмоқчи бўлаётганликда айблаган ва ўз тарафдорларини Франция жанубидаги Бокэр шаҳрида юришга таклиф қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Жума куни Париждаги яҳудийлар супермаркетида Амеди Кулибали ва шериги одамларни гаровга олган, сўнгра ўзи полиция томонидан отиб ўлдирилганди.

Чоршанба куни Charlie Hebdo журнали офисига ака-ука Қуашийлар ҳужум қилиб, саккиз журналист дохил 12 кишини ўлдирган ва яширинган эдилар.

Қидирув амалиётлари натижасида Шериф ва Саид Қуашийлар ҳам ўлдирилган.

Полиция ҳужум иштирокчиларидан бири Ҳаят Бумеддинни қидирмоқда. Маълумотларга қараганда, у аллақачон Франция ҳудудини тарк этиб, Туркия ёки Сурияда бўлиши мумкин.

Янги ҳужум

Хабарларга биноан, "Charlie Hebdo" карикатураларини кўчириб босган Гамбургдаги Hamburger Morgenpost газетаси офисига номаълум кишилар ёқилғи идишини улоқтирганлар.

Полицияга кўра, ёнғин тезда ўчирилган, ҳеч ким жароҳатланмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ