Покистондаги автоҳалокатда ўнлаб инсонлар нобуд бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Автобус тепасидаги йўловчилар ҳалокатдан қутулиб қолган, автобус ичкарисидагилар ташқарига чиқа олмаганлар.

Покистоннинг Карачи шаҳрида автобус ва ёнилғи ташувчи автомобилнинг тўқнашиши натижасида 50 дан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмган.

Катта тезликда бораётган бензин машинаси автобусга келиб урилган ва иккала машина ҳам ёна бошлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Жасадларнинг айримлари таниб бўлмайдиган даражада куйиб кетган.

Автобус тепасига чиқиб олган бир нечта йўловчи ҳалокатдан қутулиб қолган, автобус ичкарисидагилар ташқарига чиқа олмаганлар.

Ёнилғи ташувчи машина ҳайдовчиси воқеа жойидан қочиб кетгани хабар қилинади.

Ичида 60 йўловчи бўлган автобус Шикарпур шаҳрига кетаётган бўлган, ҳодиса Карачидан 50 чақирим масофада рўй берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ичида 60 йўловчи бўлган автобус Шикарпур шаҳрига кетаётган бўлган.

Карачидаги Жинна касалхонаси шошилинч ёрдам бўлими раҳбари Жейн Симунинг айтишича, келтирилган 57 жасаднинг айримлари таниб бўлмайдиган даражада куйиб кетган. Бир оиланинг 10 нафар аъзоси ҳаётдан кўз юмган. Қурбонлар сони ошиши мумкин.

Покистон дунёда ҳалокатли йўл-транспорт ҳодисалари энг кўп рўй берадиган мамлакатлардан бири.

Расмий рақамларга кўра, ҳар йили қарийб 9 мингга яқин автоҳалокатлар содир бўлади, ўртача 4500 ўлим ҳолатлари қайд этилади.

Икки ой олдин Хайрпур шаҳри яқинида йўловчи автобусининг юк поезди билан тўқнашиши натижасида камида 50 инсон нобуд бўлганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002