“Қалам қиличдан кучлироқ” ибораси ҳақида сўз

Фото муаллифлик ҳуқуқи n
Image caption Қалам кучлироқми, қурол?

Жаҳон ахборот воситаларида ‘Charlie Hebdo' ҳажвий журнал таҳририятига уюштирилган ҳужумга жавобан пайдо бўлган карикатураларда қалам қурол билан таққосланади. Айримларида ёзувчи ва журналистлар жангчиларга ўхшатилади.Қўлларида қурол ўрнига қалам кўтариб турадилар.Кейинги кунлар “қалам қиличдан кучли” деган ибора тез-тез такрорланди. Бироқ, бу иборанинг асли келиб чиқиши қандай?Инглиз адабиётида "The pen is mightier than the sword" , “қалам қиличдан кўра кучлироқ” иборасини инглиз адиби ва драматурги Edward Bulwer-Lytton 1839 йили, “Кардинал Ришелье” номли тарихий асарида биринчи марта ишлатган.

Асарда Франса қироли Людовик XIII нинг Бош вазири Ришелье уни ўлдириш учун фитна ҳақида эшитгани тасвирланади.

Бироқ, у олий руҳоний шахс бўлгани учун Ришелье ўз душманларига қарши қурол ишлатишга журъат қилмайди.

Унинг хизматкорларидан Франсуа исмли ёш йигит “ Тақсир, сизнинг амрингизда бошқа қурол ҳам мавжуд”, дейди.

Ришелье рози бўлади: “Дарвоқеъ, қалам қиличдан кучлироқ!...Қилични тортиб олсангиз ҳам давлатни барибир қалам билан қутқариш мумкин!”

Ушбу ибора дарҳол дунё бўйлаб тарқалади ва Оксфорд атамалари луғати мудири Susan Ratcliffe нинг айтишича, “1840 йилларга бориб, бу сўзлар астойдил фойдаланиладиган машҳур иборага айланиб қолади”.

Бугунги кунда мазкур ибора кўп тилларда ишлатилади, айниқса инглиз тилидан қилинган таржималарда. Француз тилида эса ибора мана бундай:"La plume est plus forte que l'epee."

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Қалам кўтарган "жангари"

Cambridge Dictionaries вебсаҳифасига кўра, ушбу ибора шуни таъкидлайдики: “куч ёки зўравонликдан кўра, фикрлаш ва ёзиш қобилияти инсонларга ва ходисаларга кўпроқ таъсир қилади”.

Бироқ, инглиз драматурги Bulwer-Lytton бундай фикрни изҳор этганлардан биринчи шахс бўлгани йўқ. Susan Ratcliffe ўтмишдан икки мисол келтиради.

Ўн еттинчи асрнинг бошида Robert Burton, “Оғриқли ғамгин ҳолатнинг анатомияси” асарида қандай қилиб аччиқ хазил ва сатира изтиробга олиб келиши мумкинлигини таърифлаб, “ Сўз зарбаси қилич зарбасидан кўра кескирроқ бўлиши мумкин” дея маслаҳат беради. Демак, бу ибора ҳаттоки ўша кунларда “эски гап”лардан бўлган.

Бунга ўхшаш ибора, Susan Ratcliffe нинг тадқиқотларига кўра, 1582 йили George Whetstone қаламига мансуб “Фуқаролар нутқларининг Ҳептамерони” асарида ҳам пайдо бўлади. “Қалам найзанинг санчилишидан кўра ўта аламлироқдир”, деб ёзган у.

Узоқ ўтмишга боқсак, айтишларича, эрамиздан аввалги 406 йилда ижод қилган юнон шоири Еврипид “Тил пичоқдан қудратлироқ”, деб ёзган экан.

Бироқ, профессор D'Angourга кўра, қадимги Римда яшаган шоир Виргилий сўз қудратига унча ҳам ишонмаган. Виргилий ўз асарларида “Уруш қуроллари наздида менинг шеърларим ҳудди бургутлар олдидаги ожиз каптарларга ўхшайди”, деб ёзган.

D'Angour нинг давом эттиришича, қадимги замонларда ёзилган сўз ҳаттоки, одамларни қонли воқеалардан омон қолдирган...

Наполеон Бонапарт ҳам сўзни қурол билан таққослаган. “Тўртта душманона рўзнома 1000 тўпдан кўра кўпроқ ваҳимага солади” деб айтган эмиш у.

Бироқ, ҳақиқатдан ҳам Наполеон бундай деганми йўқми –бу савол остида ва Оксфорд университетининг профессори Michael Broers нинг айтишича, бу каби ҳис-туйғулар Наполеоннинг дунёқарашларига тўғри келиши мумкин эди.

"У матбуотни ҳам ҳурмат қиларди ва ҳам ундан қўрқарди. У бутун умр бўйи адабиёт ва матбуот қудратини яхши тушунган,” деб айтади Broers.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Unknown
Image caption "1000 тўпдан кўра тўртта душманона газета кучлироқ" эканини тушунган император Бонапарт

Наполеон иқтидорга келганида, Францияда ўнлаб рўзномалар чоп этилган, бироқ у кўпларини тақиқлаб қўйиб, фақат бир нечтасига нашр этилиш рухсатини берган.

Лекин, Бонапарт унинг қўлида бўлган қаламнинг аҳамияти ва у қурол сифатида ишлатилиши мумкинлигини яхши англаб олганди. “У унинг устидан ғалаба қозонган душманларини у ўз хотираларида камситиб қўрсатишини яхши билган”, деб айтади профессор Michael Broers.

Бошқа маданиятларда бунга ўхшаш иборалар ҳам мавжуд. Хусусан, мусулмон дунёсида олимнинг қаламидан томган сиёҳ томчиси шаҳидларнинг қонидан муқаддасроқ деган ҳикмат азалдан маълум.

Ҳиндистонда ўрта асрларда Бобурийлар сулоласидан ҳукмдор Акбаршоҳнинг вазири ва ҳаттоти Абул Фазл ибн Муборак бир амалдор ҳақида қисса ёзган.

Катта бир ҳудудга ҳоким этиб тайинланган бу амалдор “ қаламдан шамширгача кўтарилди,ва шамширдан қаламгача тажриба ортирган яъни, иккала уруш ва тинчлик усталари бўлган амалдорлар қаторига қўшилди”, деб ёзган Абул Фазл.

Унинг сўз ўткирлиги афсонага айланди.

Сайид Муҳаммад Латиф 1896 йили “Агра тарихи” асарида бундай сатрларни қолдирган: “ 1598 йили халок бўлган Бухоро амири Абдуллоҳ хон Акбарнинг шамширидан кўра кўпроқ Абул Фазлнинг қаламидан қўрққан”.

Шу кунларда чоп этилган жавобий карикатуралардан қалам қандай бўлмасин қуролни албатта енгади деган маъно келиб чиқади.

Битта синган қаламдан иккита қалам ясаш мумкин ва бир қуролни юзлаб қалам қуршовга олгани тасвирланади. Қаламни қўлларида ушлаб турган намойишчилар эса айнан бу каби ғояларни қўллаб -қувватлашларини намоён этишмоқчи бўлганлар...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002