"Чарли Эбдо"нинг янги карикатураси яна Муҳаммад пайғамбарни акс эттиради

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Омон қолган ходимлар "Liberation" газетаси идорасидан ишлашмоқда

"Чарли Эбдо" сатирик журналининг бу ҳафта чиқадиган нашрида Муҳаммад пайғамбарнинг "Мен Чарлиман" деган шиорни кўтариб тургани акс этади.

Карикатура тепасида "Ҳаммаси кечирилди" деган ёзув бор. Мазкур карикатура ўтган ҳафта қуролли кишилар журналнинг Париждаги идорасига бостириб кириб 12 кишини ўлдирганидан кейин чоп қилинмоқда.

Айни дамда Франция парламенти аъзолари ҳужумдан бери илк марта йиғилишлари мўлжалланган.

Исроилда эса Парижда айри ҳодисада отиб ўлдирилган тўрт яҳудий қурбонларнинг дафн маросимлари бўлиб ўтади.

Франция пойтахтида ўтган ҳафта юз берган террор ҳужумларида 17 киши ўлдирилди.

Мамлакат бўйлаб ҳужум ортидан 10 минг қўшинлар жойлаштирилган. Якшанба куни Парижда йирик бирдамлик намойиши бўлиб ўтди.

"Бўйин эгмаймиз"

"Чарли Эбдо" журналининг устки бети француз матбуоти томонидан эрта чоп қилинмоқда. Франция ташқарисида ҳам қатор йирик нашрлар карикатурани чоп қилишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Франция бўйлаб хавфсизлик чоралари оширилган

Француз тилидаги "Je suis Charlie" ("Мен Чарлиман") деган шиор 7 январда юз берган ҳужумдан сўнг журнал ходимларига ҳамдардлик изҳори сифатида қўлланди.

"Чарли Эбдо" журналининг уч миллион нусхаси Чоршанба куни нашр этилиши кутилмоқда. Одатда журнал ҳар ҳафта 60 мингта нусха сотади.

Журнал адвокати Ричард Малка "Франс Инфо" радиосига гапира туриб: "Биз бўйин эгмаймиз. "Мен Чарлиман" шиорининг мазмуни Худога шак келтириш ҳуқуқини англатади", - деди.

Журнал идорасида юз берган ҳужум ортидан омон қолган ходимлар Франциянинг "Liberation" газетаси идорасидан ишлашмоқда.

Ҳужумда "Чарли Эбдо"нинг беш карикатурачиси, жумладан муҳаррири ҳам ҳалок бўлишган.

Журналнинг молиявий муҳаррири Эрик Портога кўра, "Чарли Эбдо"нинг янги нашрини фақат журнал ходимлари ишлаб чиқадилар. Бошқа карикатурачиларнинг таклифлари рад этилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002