Белгиядаги аксилтеррор амалиётда икки киши ўлдирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Белгия расмийларига кўра, мамлакат шарқидаги Верве шаҳрида ўтказилган аксилтеррор амалиётда жиҳодчи деб гумон қилинган икки шахс ўлдирилган.

Учинчи шахс қўлга олинган, қурол-яроғ топилган.

Прокурор Эрик Ван Дер Сиптнинг журналистларга айтишича, ушбу гуруҳ яқинда Суриядан қайтганидан кейин полиция эътиборига тушган бўлган ва бир неча соат ичида ҳужум уюштиришлари аниқ бўлган.

Пайшанбадан жумага ўтар кечаси Брюссел шаҳри ва атрофида ҳам гумондорларни қидириш тинмаган.

Верве шаҳридаги аксилтеррор амалиётидан кейин репортёрларга гапирган жаноб Ван Дер Септга кўра, гумондорлар биринчи бўлиб ўт очганлар.

Полиция махсус кучлари гумондорлар яшаётган уйда тинтув ўтказиш учун келишган.

"Гумондагилар йў қилиниидан олдин шу заҳоти ва бир неча дақиқа ичида автомат қуролдан федерал полициянинг махсус бўлими ходимларига ўт очдилар", деб айтган Прокурор Эрик Ван Дер Сипт.

Белгия маҳаллий матбуоти хабарларига кўра, рейддан кейин тўрт Калашников автомати, бомба ясаш жиҳозлари ва полиция кийимлари топилган.

Верве шаҳри яшовчилари бир неча дақиқа қаттиқ отишма, кейин портлаш овозларини эшитганларини айтганлар.

Белгиялик журналист Марк Экхаутнинг Би-би-сига айтишича, гумондор полиция идорасига ҳужум қилиб катта талофат етказишни режалаган бўлганлар.

Верве шаҳри атрофида ҳамон хавфсизлик кучлари жойлаштирилган.

Тунда Брюссел ва атрофидаги Синт-Жанс_Моленбек, Андерлехт ва Шаэрбек шаҳарчаларида ҳам аксилтеррор рейдлар уюштирилган.

Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, 15 январ куни Брюссел атрофидаги Завентем деган жойда икки киши ҳибсга олинган.

Белгия Бош вазири Шарл Мишелнинг айтишича, сўнгги аксилтеррор амалиёти "ҳукуматнинг террорни ёймоқчи бўлганларга қарши курашда қатъий эканини намойиш этади".

Белгияда террорчилик таҳдиди тўртта даража бўйича ўлчанади, мамлакат бўйлаб учинчи даражали таҳдид эълон қилинган.

Белгиядаги яҳудийлар жамоаси раҳбарлари яҳудий мактабларини ёпишга қарор қилганлар.

Улар бу мактаблар ҳужумчиларнинг нишонига айланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилганларидан кейин ушбу қарорга келганлар.

Ўтган ҳафта Франция пойтахти Париждаги Charlie Hebdo сатирик журнали таҳририяти ва кошер маҳсулотлар дўконига ҳужумлар оқибатида 17 киши ҳалок бўлди.

2014 йил майида Брюссел шаҳридаги Яҳудийлар музейида тўрт киши отиб ўлдирилган эди.

Ушбу ҳужумни содир этишда Франция фуқароси Меҳди Неммуш айбланган.

Меҳди Неммушнинг яқинда Суриядан қайтгани ва радикал исломий гуруҳларга алоқадорликда гумон этилгани хабар қилинган.

Белгия расмийларига кўра, бу мамлакатнинг 325 фуқароси Сурияга уруш қилиш учун борганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer