Дрезден полицияси эритреялик қочқин ўлимини тергов қилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Сўнгги ойларда муҳожирларга қарши кўп сонли намойишлари билан оммавий ахборот воситаларининг эътиборига тушган Олмониянинг Дрезден шаҳридаги қочқин ўлими қотиллик сифатида кўрилмоқда.

Дрезден полицияси хабар қилишича, асли келиб чиқиши Африканинг Эритреясидан бўлган Идрис Бахайнинг жасади қочқинлар истиқомат қиладиган уйнинг ёнидан топилган.

20 ёшли эритреяликнинг ўзи ҳам шу уйда яшаган.

Қўшниларининг сўзларига кўра, Идрис тунги соат 8 ларда дўконга чиқаётганини ва тезда қайтишини айтган.

Бироқ ортга қайтмаган, эртаси куни эрталаб уй яқинида Идрис Бахай жасади топилган.

Дастлаб полиция муҳожир ўлими шубҳали кўринмаётгани ҳақида айтган.

Лекин орадан бир неча соат ўтиб, полиция мурдани ёриб кўриш натижасида, у пичоқлаб ўлдирилган, деган хулосага келган.

Қочқин бўйни ва кўкрагида жароҳат топилган.

Рейтер ахборот агентлиги хабар қилишича, ушбу қотилликни тергов қилишга 25 детектив жалб қилинган.

Ушбу қотилликдан олдин Дрезден шаҳрида уюштирилган ПЕГИДА ташкилотининг намойишига 25000 иштирокчи қатнашган эди.

ПЕГИДА ўзининг мақсади Оврўпонинг исломийлашишига йўл қўймаслик эканини эълон қилган.

Уч ойдан буён ҳар ҳафтада бир марта бу ташкилот Олмония ҳукуматининг муҳожирларга қаратилган сиёсатига қарши норозилик намойишлари уюштириб келмоқда.

Бошида унча кўп сондаги иштирокчи қатнашмаган намойиш охирги пайтларда кенгайди.

Қотилликдан олдинги намойишга чиққанлар ўзларининг Парижда ҳалок бўлган сатирик журнал карикатурачиларига ҳамдардликларини изҳор этганлар.

Ушбу намойишлар бошланганидан буён Дрезденда ирқчиликка асосланган жиноятлар кўпайгани кузатилган.

Олмониянинг аксар сиёсатчилари ва аҳолиси ПЕГИДА сиёсати ва намойишларига қарши эканликларини айтишади.

Канцлер Ангела Меркел Дрездендаги намойишга қарши уюштирилган акцияда иштирок этган, у, Олмонияда ирқчиликка ўрин йўқ, деб айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ