Оврўпо бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Қуролли исломий гуруҳларга аъзоликда гумон қилинган шахслар уйларига рейдлар уюштирилиши ортидан Оврўпо бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Белгия, Франция ва Олмонияда 20 нафардан кўпроқ инсон ҳибсга олинди.

Белгия Франция сингари полицияга ёрдамга қўшинларни сафарбар этди.

Ўтган ҳафта Парижда содир этилган ҳужумлар ортидан бир неча мамлакатда хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Сурия ва Ироққа жангга кетган ёш оврўпаликларнинг ортга қайтишлари эҳтимолидан хавотирлар кучайган.

Белгияда ҳибсга олинган беш нафар шахсга ўтган жума куни "террорчи гуруҳ фаолиятида иштирок этиш" айблови қўйилди.

Пайшанба оқшомида бошлатилган рейдлар чоғида икки одам ўлдирилди.

Ўтган тунда полиция қурол-яроқ, ўқ-дори, йирик миқдорда пул ва полиция либосларини топди.

Белгия прокуратураси мулозими Эй-Эф-Пи ахборот агентлигига шундай деди: "Терговдан маълум бўлишича, бу одамлар кўча ва полиция бўлинмаларида бир неча полициячини ўлдириш ниятида бўлганлар".

Ҳаммаси бўлиб 13 нафар инсон ҳибсга олинган эса-да, фақат уларнинг бештаси устидан тергов иши қўзгатилди, дея маълум қилди прокуратура мулозими.

Белгия шунингдек Францияда ушлаб турилган икки гумондор шахсни экстрадиция этишни талаб қилади.

Жума куни Белгия ҳукумати террорчиликда гумонланган шахсларга нисбатан янги чораларни эълон қилди.

Террорчилик учун хорижга сафар қилган шахсларнинг амаллари жиноятга тенглаштиш ва террор хавфини туғдирган икки фуқароги бўлган шахслардан Белгия ватандошлигини олиб ташлаш шулар жумласидандир.

Белгияда террорчилик ҳужумларини режалаштириш амали ва ўтган ҳафта Парижда содир этилган ҳужумлар ўртасида боғлиқлик йўқлиги айтилади.

Аммо, шундай эса-да, Франция Бош вазири Мануэл Валлс икки мамлакат айни хавфга рўбарў бўлаётганини айтди.

"Боғлиқлик мавжуд. Бу боғлиқлик бизнинг қадриятларга ҳужум қилиш ниятидир," деди у.

Парижда Исломий жангарилар томонидан содир этилган ҳужумларда 17 нафар инсон ҳалок бўлганди.

Ўшандан буён Париж минтақасида 12 нафар гумондор шахс ҳибсга олинди.

iTele хабарига кўра, полиция бешта шаҳарда рейдлар ўтказган.

Ҳибсга олинганлар ҳозирда, полициянинг айтишича, Парижда ҳужумларни уюштирган уч нафар шахсга "кўмак бериш" гумонида сўроқ қилинмоқда.

Франция бўйлаб 120 минг полициячи ва ҳарбий шай ҳолатга келтирилган.

Белгия ва Франциядаги ҳодисалар уларга қўшни давлатларга ҳам таъсир кўрсатмасдан қолмади.

Париж ҳужумчиларидан бири, Аҳмади Коулубали, қуролли ҳужумдан бир неча кун олдин Мадридга сафар қилгани аниқ бўлиши ортидан Испания тергов ишларини бошлатди.

Олмонияда ҳам жума куни 250 нафарга яқин полициячи 11 уйга рейдлар уюштириб, икки нафар шахсни ҳибсга олди.

Ҳибсга олинганлардан бири турк ва рус миллатлари вакилларидан иборат экстремист гуруҳ раҳбари бўлгани ишонилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002