Париж ҳужумчиларидан яна бири дафн қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Саид (чапда) ва Шариф Қуаший

Charlie Hebdo сатирик журнали таҳририятига ҳужум қилганлардан бири Шариф Қуаший Париж четидаги бўлгада номаълум қабрга қўйилган.

Генневиллиерс мавзеи расмийларидан бирига кўра, дафн хавфсизлик чоралари кучайтирилган вазиятда ўтган.

Расмийнинг матбуотга билдиришича, Шариф Қуашийни тупроққа топширишда бирон бир қариндоши иштирок этмаган.

Ҳужумларда унга шериклик қилган укаси Саид жума куни шарқда жойлашган Реймс шаҳрида кўмилганди.

Реймс мэри дафнга қаршилик кўрсатган, аммо қонун нуқтаи назаридан қарорни қабул қилишга мажбур бўлган.

Ҳимоячига кўра, Саид Қуашийнинг беваси журналистлар ортидан эргашиши ва шу тахлит қабр ошкор бўлиб қолишидан қўрқиб ўз эрини кўмишга иштирок эта олмаган.

Ака-укалар 7 январ куни "Шарли Эбдо" журнали таҳририятига ҳужум қиларкан, 12 инсон ҳаётдан кўз юмган.

Ҳужумчиларнинг ўзлари эса, кейин Париж шимолида ўтказилган полиция амалиётлари пайти ўлдирилганди.

Исломий ақидапарастлар учун зиёратгоҳга айланмаслиги учун ҳар икки ҳужумчи кўмилган қабрга ҳеч бир белги қўйилмаган.

9 январ куни ака-ука Қуашийларга бирдамлик билдириш маъносида Париждаги яҳудийлар супермаркетида одамларни гаровга олган, сўнгра ўзи полиция томонидан отиб ўлдирилган Амеди Кулибалини тупроққа топшириш режалари ҳали эълон қилинмаган.

Ҳужумлар амалга оширилганидан бери Франция бўйлаб хавфсизликни таъминлаш учун 15, 000 қўшимча полиция кучлари сафарбар қилинган.

Қўшни Белгияда ҳам кўчаларда аскарлар жойлаштирилган.

"Шарли Эбдо"ни тарқатувчилар шанба куни мисли кўрилмаган даражада талаб бўлгани ва журналнинг сўнгги сони 7 миллион нусхада нашр қилишини мумкинлигини айтишган.

Журнал ҳужумлардан олдин 60 минг нусхада чоп қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002