Донецк аэропорти учун жанглар кучайган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Украина армияси Донецк аэропортини россияпараст бўлгинчилардан олишга ҳаракат қилмоқда.

Бўлгинчилар раҳбарининг айтишича, унинг жангчилари аэропорт ва шаҳар ўртасидаги муҳим кўприк устида ҳукумат кучларини тўхтатишга муваффақ бўлганлар. Отишма давомида Путиливский кўприги қулаб тушган.

Якшанба куни Украина армияси вакили Андрей Лисенко аэропорт ҳудудини бўлгинчилардан тозалашга эришганларини айтганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украина Россияни бўлгинчилар ҳарбий кучини оширишга кўмак берганликда айблаган.

Россия ўз ўрнида Киевни ўт очишни тўхтатиш чақириқларига аҳамият бермасдан, "тинч аҳоли ҳудудларини ўққа тутаётгани"ни қоралаган.

Дипломатик ёпиқлик

Россия мулозимларига кўра, Украина Президенти Пётр Порошенко Президент Владимир Путиннинг олдинроқ билдирган "томонлар оғир техника қуролларини жанг майдонидан олиб чиқиши ва ўт очишни тўхтатиш" ноябр ойидаги Минск келишувини таъминлаши ҳақидаги тинчлик режасини жавобсиз қолдирган.

Ўз навбатида Украина Москвани бўлгинчиларга таъсиридан фойдаланиб, 19 январда оташкесимга эришишни таъминлашга чақирмоқда. Украина Ташқи Ишлар вазирлиги Россияни ўз армияси ва оғир техника қуролларини ҳудуддан олиб чиқиб кетишни талаб қиляпти.

Украинага биноан, 8500 россиялик доимий аскарлар бўлгинчиларга ёрдам бермоқда. Россия эса Украина шарқига ҳарбийлар ва қуроллар юбормаётганини айтсада, россиялик кўнгиллилар айирмачиларга кўмаклашаётганини тасдиқлайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Мухбирларнинг хабар қилишларича, Донецк атрофида тинмаётган шиддатли ракета ва миномёт ўқлари шаҳарда ваҳима уйғотган.

Бўлгинчилар аэропортдан шимолдаги Горловка шаҳри аҳолиси ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилганини айтганлар.

Бўлгинчилар вакили Эдуард Басуринга кўра, Украина учоғи ҳужумидан 9 киши нобуд бўлган, 44 инсон яраланган. Исёнчилар саккиз жангчисини йўқотгани, 33 киши яраланганини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Унинг таъкидлашича, охирги жангларда Украинанинг 200 дан ортиқ ҳарбийси ўлдирилган, ўнлаб зирҳли машиналари яксон қилинган.

Украина томони эса уч ҳарбийси ҳалок бўлгани, 66 киши яралангани, 12 тинч фуқаро жароҳат олганини маълум қилади.

Маълумотларни мустақил манбалардан текширишнинг ҳозирча имкони йўқ.

Киевда якшанба куни ўтган юришда Президент Порошенко бир қарич ҳам Украин ери бўлгинчиларга бериб қўйилмайди, Донецк албатта қайтариб олинади, дея ваъда берганди.

Ҳисоботларга қараганда, ўтган йилнинг апрел ойидан буён Донецк ва Луганскда тинч аҳоли, болалар ва аёллар дохил 4800 инсон ҳалок бўлган.

Украина Оврўпо Иттифоқидан Россия Украинага етказилган зарарни қопламагунча, унга нисбатан санкциялар бекор қилинмаслиги кераклигини айтиб чиққан.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002