AirAsia ҳалокати:қирувчи учоқдан ҳам тез

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бортида 162 йўловчи билан Ява денгизида ҳалокатга учраган AirAsia ширкатига қарашли учоқ қулашдан олдин ҳаддан ташқари тез кўтарилган.

Учоқнинг икки "қора қути"си топилганидан бир ҳафта ўтиб, Индонезия Транспорт вазири Игнасиус Жоҳан ҳалокат сабаблари ҳақида дастлабки маълумотларни очиқлаган.

Радиолакация маълумотларига асосан, жаноб Жоҳан учоқ охирги дақиқаларда ноодатий тезликда учганини айтади.

Унинг билдиришича, QZ8501 рақамли учоқ фожеадан олдин минутига 6,000ft (1,828m) тезликда ҳаракат қилган.

Мутахассисларга кўра, бу қадар катта тезликда қирувчи учоқ ҳам кўтарила олмайди.

"Минутига 6,000ft тезлик билан кўтарилиш ҳатто, қирувчи самолёт учун ҳам жуда кам учрайдиган ҳодиса", деган Индонезия Транспорт вазири комиссия вакиллари қаршисида.

Тижорат учоқлари учун кўтарилиш ўртача тезлиги 1000 дан 2000ft гача бўлиши мумкин.

Учоқнинг тасаввур қилиб бўлмайдиган кескин бурилиш қилгани ҳақида аввалроқ дастлабки натижалар билан танишган манбалардан бири Рейтер агентлигига айтган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

28 декабрда Сурабайдан Сингапурга йўналган учоқ бортида ҳеч ким тирик қолмаган.

Учоқ бўлаклари бутун денгиз бўйлаб тарқалгани боис, ҳозиргача фақат 53 жасадни топишга муваффақ бўлинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Хабарларга биноан, қолган жасадлар борлиги умид қилинаётган учоқнинг фюзеляжи ҳам топилган. Қутқарувчилар уни сув остидан чиқариб олишга уринмоқдалар.

"Қора қутилар" топилгач, мутахассислар ҳалокат илгари тахминларда айтилганидек терроризм ҳодисаси деб қаралмаётганини билдирганлар.

Airbus A320-200 учоғи кучли ҳаракатланган бўронга дуч келгани тахмин этилади.

Айни пайтда парвознинг хавфсизлигини яхшилаш борасида ўзгаришлар таклифи ўртага ташланган.

Индонезия Транспорт вазирига биноан, бундан кейин учишга рухсат тўрт ой олдин олиниши керак, бироқ чипталар унгача сотилмайди.

Сурабайдан маҳаллий вақт билан 5.35 да учган Airbus A320-200 парвоздан икки соат ўтгач, экипаж командири қалин булут остидан чиқиб олиш учун диспетчерлардан 32,000ft баландликдан 38,000ft гача кўтарилишни сўраган.

Бироқ ҳаво ҳудуди тиғизлиги боис, кўтарилишга рухсат тезда берилмаган. Учоқ радарлардан ғойиб бўлишдан олдин фожеа сигналларини ҳам юбормаган. Диспетчерлар бироз вақтдан сўнг учоқ билан қайта алоқага чиқа олмаганлар.

Ҳалокат сабаблари ҳақида дастлабки ҳисобот 28 январда эълон қилиниши кутилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ