Париж мэри Fox News ни судга бермоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Fox News ни Париж мэри маҳкамага тортмоқчи

АҚШнинг Fox News янгиликлар тармоғи Париждаги фожеани ёритаётиб, Парижда мусулмонлар яшайдиган "борса-келмас" мавзелар бор деган иддаоси учун Париж мэри Анн Идалго бу тармоқни маҳкамага тортмоқчи.

Мэрнинг айтишича, у янгиликлар тармоғини Париж "шаънига" доғ туширганлиги учун судга бермоқчи.

Fox News тармоғи бундан аввал Британиянинг Бирмингем шаҳри "фақат мусулмонлардан" иборат деган шарҳи учун кечирим сўраганди.

Бироқ француз тарафининг қарори, Шарли Эбдо журналига ҳужум натижасида 12 кишининг ҳалок бўлиши воқеасидан сўнг тортишувни бир поғона юқори кўтарган.

Анн Идилго хонимнинг АҚШнинг CNN каналига айтишича: "Биз маҳкамага бу сўзларни олиб ташлаш учун чиқишимиз лозим. Париж суврати нотўғри талқин этилган, Париж шаъни нотўғри талқин этилган".

Қонунчиларнинг фикрича, француз тарафи АҚШда маҳкама иши очишда мушкулликларга дучор бўлиши тайин. Ҳатто улар Франция маҳкамасида ғалаба қозонишса ҳам, қарорни АҚШда татбиқ этиш ўта қийин бўлиши мумкин.

Fox News нинг Париж фожеасини ёритиши ижтимоий тармоқларда кенг равишда мазах этилганди.

Бу тармоқнинг терроризм бўйича мутахассиси Стив Эмерсоннинг "ғайри-мусулмонлар" Бирмингемга киришмайди деган изоҳидан кейин Британия Бош Вазири Дэвид Камерун уни "овсар" деб атаган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002