Салмон бин Абдулазиз Ал-Сауд – Саудия подшоҳи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Янги подшоҳ ислоҳотларга қизиқмайдими?

Подшоҳ Абдуллонинг ўгай укаси Салмон Риёд вилоятига 48 йил ҳокимлик қилган.

2011 йилда у Саудия подшоҳлигининг Мудофаа вазири этиб тайинланади.

2012 йилда эса унга валиаҳд мақоми берилади.

Ўгай акасининг саломатлиги ёмонлашар экан 79 ёшли шаҳзода давлат ишларини ўз зиммасига олган эди.

Янги подшоҳ Салмон қудратдаги оиланинг муҳим ва катта таъсирга эга бўлган сулоласи вакилидир.

Бу оила подшоҳ Абдулазизнинг суюкли рафиқаси малика Ҳасса Ал-Судайрий билан кўрган фарзандлари ва набираларидан таркиб топгани айтилади.

Подшоҳ Салмоннинг ҳаёти:

*1935 йилнинг 31 декабрида туғилган

*Малика Ҳасса Ал-Судайрийнинг ўғли

*Риёд вилоятига жами 48 йил ҳоким бўлган

*Қардоши валиаҳд Султон ўлимидан кейин мудофаа вазири этиб тайинланган

*Араб дунёсидаги йирик медиа гуруҳларида ҳисса фоизларига эга

Image caption Бугунги Риёд

Риёдга ҳокимлиги даврида шаҳарни обод қилди. Чўлу биёбонда замонавий, осмонўпар бинолар, университетлар қурилди. Ғарбнинг машҳур ресторанлари тармоғи очилди.

Айнан шу ерда у халқаро обрўсини ошириб олди.

Минтақага сармоялар оқимини жадаллаштирди.

Мудофаа вазири экан, у “Исломий давлат”га қарши Америка ва бошқа араб давлатларининг ҳарбий иттифоқига қўшилди.

Подшоҳ Салмоннинг ўғилларидан бири шаҳзода Абдулазиз нефт вазирининг ўринбосари, шаҳзода Файсал Мадинанинг ҳокими, шаҳзода Султон эса сайёҳлик соҳасининг раҳбаридир.

Би-би-сининг хавфсизлик масалаларда мухбири Френг Гарднерга кўра, подшоҳ Салмон сиёсий-ижтимоий ислоҳотлар билан қизиқмайди.

Унинг айтишича, янги подшоҳнинг асосий вазифаси Саудия Арабистонида барқарорликни таъминлашдан иборат бўлади.

Саудиянинг сиёсий масалалари бўйича мутахассис Карен Элиот Ҳоусга кўра, подшоҳ Салмон “мамлакатнинг диний раҳбариятига лойиқлиги” билан танилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ