Саудия Арабистони Ваҳҳобийлик ақидасини ёйиш учун нималар қилди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ваҳҳобийлик XVIII асрда юзага келган диний-сиёсий оқим.

Бу йўналиш тарафдорлари ўзларини салафийлар деб аташади, оқим сиёсий эмас, диний, дейишади.

Ваҳҳобийлик Саудия Арабистонининг давлат мафкураси сифатида қабул қилинган.

Саудия подшоси Абдулло вафот этгани манзарасида Би-би-сининг Афғонистон бўйича мухбири Дэвид Лойн Саудия Арабистонининг Ваҳҳобийликни дунёга ёйиш мақсадида сўнгги 40 йилда юритган сиёсатига назар ташлайди:

Подшо Абдулло Саудиянинг 1970 йиллардан кенгая бошлаган Исломга фундаментал қарашдаги сиёсатини давом эттирди.

Саудия Арабистони Ваҳҳобий Исломнинг қаттиқ ақидапараст ғояларини жаҳон бўйлаб тарқатишга нефтдан тушган миллиардлаб долларларни сарфлади.

Бу маблағлар урушларга ва хорижда инсонларга сабоқ беришга йўналтирилди.

Бу сиёсат айрим пайтларда Ғарб манфаатларига тўғри ҳам келди.

Мисол учун, 1980 йилларда Афғонистонни босиб олган Шўро қўшинларига қарши қуролли курашга киришган исломий партизанлар - мужоҳидларни дастаклашга АҚШ сарфлаган ҳар бир долларга Саудия Арабистони ҳам бир доллар қўшди.

1990 йилларда эса бошида Боснияда, кейинроқ эса Косовода Саудия мусулмон жангариларига кўрсатган ёрдамлар охир-оқибатда икки ҳудудда ҳам бу жангариларнинг радикаллашишига олиб келди.

Бу ҳудудларга етказилган ҳар бир милтиқ ёнига биттадан Қуръон қўйилган эди.

Покистонда эса мадрасалар узоқ йиллар давомида Саудия томонидан молияланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Натижада ушбу исломий ўқув юртларида ўқитиладиган фанларга чекловлар киритилди, бутун-бутун минтақаларда ёшларнинг мутаассиблашиши кузатилди.

Бой-бадавлат саудияликлар ва Саудия Арабистони ҳукумати Оврўпо бўйлаб, хусусан, Британияда ҳам ақидапараст маориф дастурлари ва телевизион каналларни молялаб келадилар

Бироқ нефтга қарамлик Ғарб танқидининг "оғзини ёпиб келади".

Бунга мисол қилиб 2001 йил 11 сентябр портлашларини келтириш мумкин.

Учоқларни олиб қочган худкушларнинг 19 тасидан 15 нафари Саудия фуқаролари эдилар.

Ақидапараст ғояни қўллаб-қувватлаш учун қурбонлар беришга ҳам тўғри келди.

Талофотлар ҳам мамлакат ичкарисида, ва ҳам хорижда бўлди.

1979 йили Ваҳҳобий жангарилар Ҳаж зиёрати пайти Ислом оламидаги энг муқаддас жой Масжидул-Ҳарамни қўлга киритдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Жангарилар мақбараларнинг муқаддас саналишига қарши эдилар.

Саудия қуролли кучлари Маккаи Мукаррамани қайта қўлга олиш учун жангларга киришдилар.

Бу мақсадга юзлаб инсонлар умрини йўқотиш эвазига эришилди.

Ироқ ва Сурияда "Исломий Давлат"нинг юзага келиши Саудия Арабистони сиёсатининг Сурияда шиа Эрон қудратига қарши кураши оқибати эди.

"Исломий Давлат" билан Саудиянинг ақидапараст ғоялари бир-бирига мос келади.

Фақат битта муҳим фарқли жиҳати бор - янги ҳаракат ўз халифатини барпо этишни истайди ва бу Саудиядаги қудратдаги сулолага мухолиф ғоя.

Бундай қарама-қаршилик билан Саудия давлати охирги йилларда илк бор дуч келиб турипти.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ