Афғонистон: икки фуқаролик муаммоми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи ARG
Image caption Янги жумҳурраиси Ашраф Ғанининг қасамёд қилганига уч ойдан ошди, аммо у ҳозиргача ўз ҳукуматига эга эмас.

Афғонистон парламенти икки фуқаролик сабаб жаъми 7 нафар вазирнинг номзодларини рад этган эди. Миллат вакилларининг ишонишларича, икки фуқаролик ватанга етарлича садоқатнинг йўқлигидан далолат беради.

Афғонистонда янги ҳукуматнинг уч нафар бўлажак вазирлари парламент тасдиғидан ўтиш учун икки фуқароликдан воз кечганлар. Улардан икки нафари Британия паспортига эга. Янги жумҳурраиси Ашраф Ғанининг қасамёд қилганига уч ойдан ошди, аммо у ҳозиргача ўз ҳукуматига эга эмас.

ББС Форс Хизматидан Доуд Қоризода мавзуга чуқурроқ назар ташлайди.

Image caption Миллат вакилларининг ишонишларича, икки фуқаролик ватанга етарлича садоқатнинг йўқлигидан далолат беради.

Ўтган ой парламентда аксарият икки фуқароликка эга бўлган ҳар қандай одамнинг вазирликларга номзодини рад этишни ёқлаб овоз берди.

Афғонистон Бош қонунида бунга қатъий тақиқ йўқ. Аммо, қонун парламентга икки мамлакат паспортига эга шахслар номзодини маъқуллаш ва ё рад этиш ваколатини беради.

Хабарларда миллат вакилларини айни масалага юмшоқроқ ёндашишга ундаш ҳаракатлари бўлаётгани ҳақида ҳам айтилади.

Бироқ, баъзи парламент аъзолари, масалан, Балх вилоятидан вакил Фарҳод Азими номзодларга нисбатан бундай тўсиқлар қўйилмаслиги керак деган фикрда.

"Хориж фуқароси бўлган афғонлар ҳам Афғонистонга ўзини бағишлаган ва авлодлари билан улар афғон бўлиб келишган, хорижий эмаслар", дейди у.

"Мен бу номзодларга "Ҳа" деб овоз берган бўлардим", дейди у.

Image caption Баҳсу мунозаралар Афғонистонда кечган 30 йилдан ортиқ давом этган уруш оқибатларини акс эттиради.

Айни масала Афғонистоннинг қолган аҳолини қанчалар безовта қилиши қоронғу.

Аммо, Би-би-си Афғон Хизмати тайёрлаган дастурда янграган фикрларда бундан кўра жиддийроқ масалалар борлиги айтилди.

Башир исмли суҳбатдошнинг айтишича, икки фуқароликка эга бўлиш муҳим эмас, муҳими номзодларнинг ўз ишига лаёқатидир.

Ҳашматуллоҳ эса: "Икки фуқароликка эга бўлиш муаммо бўлиши керак эмас. Бу одамлар хорижга ҳузур-ҳаловат учун кетиб, у ернинг ватандошига айланишмаган", дейди.

"Мамлакат уруш ичида эди ва улар ҳижрат қилишга мажбур бўлишган. Бизга бу одамлар керак", дея фикрини давом эттиради Ҳашматуллоҳ.

Бошқа айрим суҳбатдошларнинг эса, икки ватандошлик масаласида фикрлари бошқачароқ.

Мобасир Маъруф вазирлар мамлакатга яхшироқ хизмат қилишлари учун биргина афғон ватандошлигига эга бўлишлари кераклигини таъкидлайди.

Фавад Ражабий: "Икки фуқаролиги бўлган одамлар халқ ва мамлакат олдида мажбурият ҳис қилмайдилар", дея фикрга қўшилади.

Баҳсу мунозаралар Афғонистонда кечган 30 йилдан ортиқ давом этган уруш оқибатларини акс эттиради.

Уруш туфайли миллионлаб одамлар ватанни ташлаб кетишга мажбур бўлишган.

Аммо, ҳали бу ҳаммаси эмас, талотўпларда ишонли ҳужжатлар, таълим ва малака борасидаги қайдлар ё-да, туғилганлик борасидаги гувоҳномалар ҳам йўқолиб кетган.

Шу боис, ижтимоий тармоқларда айрим номзодларнинг олий маълумоти ва ёши борасидаги ҳужжатлар савол остига олинди.

Мисол учун, Хатера Афғоннинг иш учун ёши етмаслиги айтилди.

Вазирларнинг камида 35 ёш бўлиши талаб этилади.

Бундан ташқари, вазирликка номзодлар парламент вакиллари дастагини олиш учун уларнинг ҳожатини чиқарганлик ва ҳатто пул берганлик борасида ҳам хавотирлар янгради.

Афғонистон кенг кўламли идорий фасоддан азият чекади ва аввалги сайловларда вазирлик учун овозлар ва дастакни сотиб олаётганлари хусусида ҳам хабар қилинганди.

Аммо, жумҳурраис Ғани бундай ёндашувга тоқат қилинмаслигига ваъда берди.

"Агар вазирнинг миллат вакилларига пора бергани исботланса, у ўша лаҳзадан бошлаб бизнинг вазир ҳисобланмайди", деб айтди жумҳурраиснинг сўзчиси Назифуллоҳ Соларзай Би-би-си билан суҳбатда.

Ғани жанобларининг ўзи паламондаги чиқишида: "Одамлар идорий фасоддан чарчади. Агар бирон бир вазир идорий фасодда гумон қилинса, истеъфога чиқиши ва ё жавобгарликка тортилиши шарт. Агар мен хато қилсам, мени ҳам жавобгарликка тортинг", деб айтганди.

Аксар кузатувчилар таклиф қилинаётган қўмита ўтмишдагидан сезиларли даражада фарқ қилиши ҳамда таркибида кўпгина янги, маълумотли ва малакага эга одамлар борлигини айтишади.

Аммо, айримлар номзодлар шу қадар саралаб олинган ва ҳам бир номзодни жумҳурраиснинг ўзи суҳбатдан ўтказганига қарамай, жараён нима учун бу қадар чўзилганини савол остига оладилар.

Жаноб Ғанининг сўзчисига кўра, танловда асосий эътибор номзодларнинг малакасига қаратилган. "Биз келажакда янада эҳтиёткорроқ бўламиз", дея қўшимча қилган у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ