Юнонистон сайлови ортидан Евро қадрсизланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Юнонистондаги муддатидан олдинги парламент сайловида ғалаба қозонган радикал сўлчи СИРИЗА раҳбари Алексис Ципрас айтишича, энди Юнонистоннинг “беш йиллик хорлик ва оғриғига чек қўйилади”.

СИРИЗА Оврўпо Иттифоқи босими остида Юнонистон бюджетини қисқартириш чораларига қарши чиққан, 2008 йилги молиявий инқироздан жабр кўрган мамлакат иқтисодини ўнглаш учун Юнонистонга берилган халқаро молиявий ёрдамнинг бир қисмидан воз кечишга эришиш ваъдаларини берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

25 январ куни ўтказилган парламент сайловининг қарийб барча бюллетенлари санаб бўлинганида СИРИЗАнинг парламентда 149 ўринни қўлга киритгани маълум бўлган.

Юнон парламенти 300 ўринга эга, бир партия ўз ҳукуматини барпо этиши учун 151 ўринни эгаллаши талаб қилинади.

Ўзга ҳолатда бошқа партия билан коалиция тузишга тўғри келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қудратдаги “Янги демократия” партияси раҳбари, Бош вазир Антонис Самарас ўзларининг мағлубиятини тан олган, СИРИЗАни ғалаба билан табриклаган.

Сўл радикалларнинг Юнонистондаги ғалабаси бу мамлакатнинг Евро пул бирлиги борасидаги хавотирларни уйғотган.

Евро қадрсизланиб, сўнгги 11 йил мобайнидаги энг қуйи даражасига тушган.

26 январ куни 1 Евро 1,11 АҚШ долларига тенг бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Алексис Ципрас аллақачон ўнг партиянинг "Мустақил юнонлар" партияси билан коалиция тузишга келишувни эълон қилган.

Сўлқанот кучларининг бу қадар ишончли ютуғи Юнонистонда ҳатто сўл қанотдагиларнинг ўзи учун ҳам кутилмаган бўлган. Беш йил муқаддам Юнон сиёсатчилари сўлчилар ҳокимиятга ҳеч қачон келмаслигига онт ҳам ичгандилар.

2010 йилда Юнонистонга қарз берувчи учлик- Оврўпо Иттифоқи, Халқаро валюта фонди ва Оврўпо марказий банки томонидан 240 млрд доллар миқдорида молиявий ёрдам берилган.

Аммо бунинг эвазига мамлакатда давлат харжлари кескин қисқартирилиши ва солиқлар оширилиши талаб қилинди. Бироқ бошқарувдаги ўнгмарказ ҳукумати сиёсати натижасида Юнонистонда ишсизлик кескин ошди ва ҳаёт даражаси ёмонлашди.

Сўл қанот партия Оврўпо Иттифоқи ҳозир кўраётган чоралар нега ўша пайт ўтказилмаганидан норозилик билдирган. Уларга кўра, бундай амал мамлакатни қарзга ботирмас ва ишсизликни кўпайтириб, ҳаёт даражасини тушириб юбормас эди.

Илгари евро зонасидан чиқишни айтган сўлчилар ҳозирда евро зонасида қолишни билдирмоқда ва қарз ҳиссаларилардан кечилишига ҳам эришмоқчи.

Юнонистондаги сайловлар Овроҳудуд мамлакатлари молия вазирларининг душанба кунига мўлжалланган учрашувида асосий мавзу бўлиши кутилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Шу билан бирга, учлик таркибидаги кредиторлар аллақачонлар тасдиқланган Юнонистонга молиявий ёрдам лойиҳасини қайта кўриб чиқишга қанчалик тайёрлиги ҳали мавҳум.

Юнонистондаги молиявий ёрдамнинг ҳозирги қисми февралда ниҳоясига етади, иқтисодчиларга кўра, қисқа муддатли келишувларга эришиш мумкин, бироқ бутун лойиҳани ўзгартириш узоқ ва мураккаб музокараларни талаб қилади.

Олмония Юнонистонга кўмак шартлари муҳокамасини рад қилди.

"Агар СИРИЗА қарздорликни кўриб чиқиш, сайловолди ваъдаларига кўра, бюджет ҳаражатларини кўтариш ва энг кам иш ҳақини оширишни қўяр экан муаммолар келиб чиқади", дейди британиянинг Capital Economics молия ширкати мутахассиси Жонатан Лойнс.

Таҳлилчиларнинг айтишича, Юнонистоннинг қарз берувчилар билан шартномаларни ўзгартириш уринишларини Италия, Португалия, Испания ва Франциядаги сўл сиёсатчилар ҳам албатта кузатиб туришибди.

Сўлчилар

СИРИЗА "Сўл кучларнинг радикал коалицияси" 2004 йил тузилган.

40 ёшли Алексис Ципрас унинг раҳбари ҳисобланади.

Партия илк бор 2008 йилда мамлакатдаги оммавий намойишлар ортидан танилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002