Хитой университетлари "Ғарб қадриятлари"ни ўргатмаслиги лозим

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ғарб қадриятларини тарғибот қиладиган дарсликлар Хитой мактаб ва олий ўқув юртларидан чиқариб ташланади.

Синхуа ахборот агентлигига кўра, мамлакат маориф вазири Юан Гуйжун ўқув даргоҳларида мафкуравий тарғиботни яхшилаш ҳақида Хитой университети профессорларига билдирган.

Жаноб Гуйжун дарсликлар устидан назоратни кучайтириш ва Хитой Коммунистик партияси ҳамда социализмни танқид қилган, деб кўрилган ҳар қандай дастур таълим тизимида бўлмаслигини уқтирган.

Маориф вазирининг сўзларига қараганда, ўқитувчиларга ўзларининг салбий муносабатлари ва норозиликларини дарс давомида билдиришлари таъқиқланади.

Университетлар эса, мамлакатдаги сиёсий барқарорликни қувватлашлари ва талабаларга лозим йўналишни беришлари лозим.

Синхуанинг хабар беришича, маориф вазирининг фикри Пекин, Синхуа, Ухан, Шандун ва Сямэн университетлари профессорлари томонидан қувватланган.

Маориф вазирининг мурожаати ҳукуматнинг Ғарб таъсирига қарши курашни кучайтирган манзарада кузатилмоқда.

Ўтган йилнинг декабр ойида Хитойнинг Сиан шаҳридаги университет ўз талабаларига Рождествони байрам қилишни таъқиқлаган эди. Ғарб байрамларини нишонлашни университет маъмурияти "хорижликларга қуллик" деб атаган.

Хитой маорифи устидан назорат Хитой Компартияси раҳбари Си Жин Пиннинг маориф тизимида ислоҳотлар ўтказиш муҳимлиги ҳақидаги сўзларидан сўнг кучайтирилган.

Университетларга марксизм таълимотини ўқитишни такомиллаштириш ва олий мактабларда партия раҳбариятини мустаҳкамлаш топширилган.

Айни пайтда Хитойнинг кўпгина раҳбарлари фарзандлари хориж ўқув юртларида таълим олишади. Хусусан, Си Жин Пиннинг қизи АҚШдаги Гарвард университети талабасидир.

Охирги пайтларда расмий Пекин сиёсатини танқид қилишга журъат қилган бир неча зиёли ҳибсга олинган.

Жумладан, Марказий университет профессори уйғур миллатига мансуб Илҳом Тўхта Хитой доимий таъқиблардан сўнг бўлгинчиликда айбланиб умрбод қамалган.

Илҳом Тўхта ўз чиқишларида миллий озчиликларга нисбатан Хитой ҳукумати сиёсатини танқид қилиб келар эди. Илҳом Тўхта ташкил қилган веб саҳифада ишлаган талабалар ҳам айирмачилик, қуролли гуруҳ тузиш айбловлари билан қамоққа ташланганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002