Исломий Давлатнинг 'кимёвий эксперти ўлдирилган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption АҚШ ҳарбийларига кўра, Абу Маликнинг ўлими ИД нинг кимёвий қурол ишлаб чиқариш салоҳиятини заифлаштиради.

АҚШ ҳарбийларига кўра, Исломий Давлат жангари гуруҳига ишлаётган кимёвий эксперт иттифоқчиларнинг ҳаво ҳужумида ўлдирилган.

Баёнотда айтилишича, Абу Маликнинг тажрибаси Исломий Давлатга кимёвий қуролни қўлга киритиш йўлида зарур малакага эга бўлиш имконини берган.

Америка ҳарбийларининг айтишларича, у Ироқнинг собиқ президенти Саддам Ҳусайн даврида кимёвий қуроллар муҳандиси бўлган ва Ироқдаги Ал-Қоида, кейинроқ эса Исломий Давлат сафларига қўшилган.

Абу Малик 24 январ куни Мосул яқинидаги ҳаво ҳужумида ўлдирилган.

АҚШ ҳарбийларига кўра, унинг ўлими ИД нинг кимёвий қурол ишлаб чиқариш салоҳиятини заифлаштиради.

Ҳозирга қадар ИД нинг хлор гази ишлатгани ҳақида хабарлар олинган, аммо гуруҳ сезиларли миқдордаги кимёвий қуролларни бириктиргани ҳақида маълумот йўқ.

Ўтган йили жиҳодчилар билан Бағдод яқинида кечган жанглардан сўнг Ироқ ҳукумат аскарларида лоҳаслик ва қайт қилиш ҳоллари кузатилган ва бу хлор газининг таъсири экани тахмин қилинган.

Катта миқдордаги хлор гази инсон ўпкасини куйдиради, аммо асабни фалаж қилувчи нерв газичалик ҳалокатли эмас.

Исломий Давлат Суриянинг йирик ҳудудларини назорат қилмоқда.

Ҳукумат ушбу ҳудудлардаги кимёвий газ омборларини йўқ қилган, аммо улардан айримларининг ҳисоби чиқарилмаган.

Ҳарбийлар шу йил баҳорида Ироқ кучларининг ёрдами билан Мосулни қайтариб олишга умид қилишмоқда.

Аммо Ироқ армияси ҳануз жангларга тайёр бўлмаслиги мумкин, деган хавотирлар мавжуд.

АҚШ бошчилигидаги коалиция ҳозирга қадар ИД га қарши 2000 га яқин ҳаво зарбаларини амалга оширган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ