Миср "Ал-Жазира" журналистини озод қилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Мисрнинг давлат ахборот агентлиги ва полициясининг хабар беришича, "Ал Жазира" телеканалининг журналисти австралиялик Питер Гресте озод этилган ва тез орада депортация қилинади.

"Питер Грестени Австралияга депортация қилиниши ҳақида президентнинг расмий қарори бор",- деб айтган ҳукумат вакили Франс-прессга.

Гресте икки ҳамкасби билан биргаликда 2013 йилнинг декабр ойида ҳибсга олинган.

Журналистлар терроризмни қувватлаш ва "Мусулмон Биродарлар" ташкилотига ёрдам берганликда айбланганлар. Питер Гресте ўтган йилнинг июн ойида етти йилга озодликдан маҳрум этилди.

Ал Жазиранинг уч мухбири бир йилдан буён Миср турмасида сақланаётган эдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Олдинроқ, Миср Олий маҳкамаси Қатарнинг "Ал Жазира" телеканали уч мухбири Муҳаммад Фаҳмий, Баҳир Муҳаммад ва Питер Гресте ишини қайта кўриб чиқишга жўнатган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Миср Президентининг Ал Жазира журналистини озод қилиш фармони Халқаро Амнести ташкилотининг Мисрдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият абгор эканлиги ҳақидаги ҳисоботи орқасидан кузатилмоқда.

Халқаро Амнести Президент Сиси ҳукумати ўтган ойда Ҳусни Муборак қудратдан ағдарилгани муносабати билан йиғилган намойишда 27 киши ўлимига масъуллар жазосиз қолаётганини қоралаган.

Ҳуқуқ фаоллари хавфсизлик ходимлари намойишчиларга нисбатан ўта шафқатсиз йўл тутгани ва ҳукумат полиция ҳаракатига қарши чора кўрмаганини айтганлар.

Миср расмийларига кўра, норозилик намойишида "Мусулмон Биродарлар"нинг 500 тарафдори ушланган.

Адвокатлар ҳибсдагиларнинг бир қанчасини ҳимоя қилиш ўзларига тақиқланганини билдирганлар.

Сиси қудратга келар экан, Мисрнинг демократик йўл билан сайланган биринчи ва собиқ президенти Муҳаммад Мурсийнинг минглаб тарафдорлари ҳибсга олинган, уларнинг аксарияти ўлимга ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар. Хусусан, ағдарилган президент Муҳаммад Мурсийга ҳам ватанга хиёнат, қотилликка алоқадорлик дохил қатор оғир айбловлар қўйилган.

Ўтган ҳафта Синайда ўнлаб ҳарбийларнинг исломий жангарилар томонидан ўлдирилганидан кейин жаноб Сиси жиҳодчиларга қарши узоқ ва мураккаб урушни башорат қилди.

Бироқ ҳуқуқ фаоллари Миср ҳукуматининг исломийларга ўта қаттиққўллиги вазиятни янада беқарор қилиши мумкинлигидан хавотирдалар.

Amnesty халқаро ҳамжамиятни Мисрдаги инсон ҳуқуқлари бузилишига қарши жиддий чора кўришга чақиради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ