'Исломий Давлат' Япон журналисти бошини танасидан жудо қилган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Синдзо Абэ "Япония терроризм билан курашда орқага қайтмаслиги"ни билдирган.

'Исломий Давлат' гуруҳи жангариларининг япониялик журналист Кенжи Готонинг бошини танасидан жудо қилгани тасвирланган видео Япония ва бошқа давлатлар раҳбарларини ғазаблантирган.

Гаровга олинган икки Япония фуқаросидан бири Харуна Юкава бир ҳафтача олдин боши танасидан жудо қилингани эълон этилган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Сўнгги видеода 47 ёшли таниқли япониялик журналист ва ҳужжатли фильм ижодкори Кенжи Гото норинж рангдаги кийимда тиз чўкиб турган ҳолда пайдо бўлган.

'Исломий Давлат'нинг бундан олдинги тарғибот видеоларига ўхшаб кетадиган видеода Британия инглиз тилида гапирадиган жангари кўринган.

У 'Жиҳодий Жон' деб танилган ва асли Британияда туғилиб ўсган жангари деб билинади.

Жангари Япония Бош вазири Шинзо Абэга мурожаат қилган, жаноб Абэни «урушда ғалабага эриша олмайдиган тараф томонини танлаб» нотўғри қарор қабул қилганликда айблаган.

'Исломий Давлат' охирги видеосининг ҳақиқийлиги тасдиқланмаган, аммо Япония расмийлари видеонинг ҳақиқий эканига ишонишларини айтишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Дастлаб гаровга олган икки Япония фуқароси эвазига 'Исломий Давлат' 200 миллион АҚШ доллари талаб қилган.

Бу Япония ҳукуматининг Ироқ ва Суриянинг катта ҳудудини назоратига олган 'Исломий Давлат' гуруҳига қарши бирлашган халқаро коалиция кучларига ваъда қилган ноҳарбий ёрдамлар миқёсига тенг маблағ бўлган.

Япон журналисти Кенжи Гото қатл қилинганини қоралаган Бош вазир Шинзо Абэ 'Япония терроризмга ён бермаслигини' ва 'Исломий Давлат'га қарши дастакни янада кучайтиришини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ