Украина шарқидаги жангларда ўнлаб инсонлар ҳалок бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Украина шарқида ҳукумат кучлари ва бўлгинчилар ўртасидаги жангларда тинч аҳоли дохил 40 инсон қурбон бўлган. АТА штаби раҳбари Андрей Лисенко 15 украиналик аскар ҳалок бўлгани, 33 таси яраланганини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Томонлар бир-бирларини ўқ отишни тўхтатмаётганликда айблаяпти.

Бўлгинчилар раҳбарларидан бири Эдуард Басурин охирги суткада тинч аҳоли яшайдиган ҳудудлар ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилиши натижасида 13 киши ўлдирилганини билдирган.

Украина шарқидаги жанглар можарони ҳал этиш бўйича Минскда ўтган учтомонлама музокаралар манзарасида рўй берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи UNIAN

Минскда томонлар ўт очишни зудликда тўхтатиш, оғир артиллерия қуролларини олиб чиқиш ва асирлар билан алмашишни муҳокама қилишни режалаштирган, бироқ музокаралар натижасиз тугаган.

Шиддатли жанглар кетаётган ҳудуддаги Дебальцево шаҳри аҳолиси ўққа тутилишидан қўрқиб, шаҳарни тарк этишдан хавотирдалар.

Донецк вилоят Ички Ишлар бошқармаси раҳбари Вячеслав Аброскинга кўра, шаҳарда 10 кундан бери сув, электр энергия, иссиқлик йўқ, мобил алоқа хизматида узилишилар кўп. Кўпчилик ёш болалари билан ертўлаларда яшамоқда.

Милиция ходимлари ва кўнгиллилар тинч фуқароларни шаҳардан олиб чиқишни ташкил қилмоқдалар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

31 январдаги эвакуация бўлгинчилар томонидан ўққа тутилгани айтилади. Одамлар ўққа дуч келишдан қўрқиб, шаҳардан чиқиб кетолмаяптилар, деб айтган ҳукумат расмийси.

Охирги уч кунда жанг кетаётган ҳудудлардан мингга яқин инсон хавфсиз жойларга кўчирилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ҳуқуқ фаоллари билдиришича, исёнчилар ва Украина қўшинлари ўртасидаги оташкесим барбод бўлиши ортидан жанглар кескинлашган ва касалхоналар ҳам ҳужумга тутилмоқда. Ўтган куни Донецкдаги морг ўқ ёмғири остида қолган.

Ўзларини "Донецк ва Луганск халқ республикалари" деб атайдиган гуруҳ вакиллари Украина Президенти Пётр Порошенкодан оташкесим ҳақида расман фармон беришни талаб қилганлар. Минскдаги музокаралар чоғида шундай талабни илгари сурган бўлгинчиларга кўра, оташкесим тўғрисида фармон ҳукуматнинг расмий веб сайтида эълон қилиниши лозим.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ