Литвиненко ўлими олдидан мусулмонликни қабул қилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Лондон Олий маҳкамасида Россия махсус хизмат собиқ зобити Александр Литвиненконинг бундан тўққиз йил олдин содир этилган ўлими юзасидан кўрсатмаларни эшитиш давом этмоқда.

Британия полицияси Литвиненко ҳаётининг охирги дақиқаларида олинган қимматли маълумотларни маҳкамага топширган.

Сешанба куни Литвиненконинг беваси ва ўғли ҳам сўроқ қилинган.

2006 йил 17-20 ноябр кунларида касалхонада оғир аҳволда ётган Литвиненко полициянинг саволларига жавоб берган.

23 ноябрда Литвиненко вафот этган, ўлимидан сал олдин у полоний-210 радиоактив моддасидан заҳарлангани аниқланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Сешанба кунги эшитиш жараёнида Марина Литвиненко эрининг Исломни қабул қилганини биринчи марта батафсил тасвирлаб берган.

"Саша Исломга ўтди. Бундай қарорга у касаллик бошланганидан бир неча кун ўтиб келганди. У жуда диндор бўлмаса ҳам, чўқинтирилган инсон эди. У заҳарланиб ётганида, Аҳмат Закаев кўргани келди. Саша ундан сен ўзингнинг Худоинг билан қандай гаплашасан, деб сўради. Аҳмат тушунтирди, Саша қайтарди. Шунда Аҳмат ҳазиллашиб, "Ана энди мусулмон бўлдинг", деди. икки ҳафтадан кейин у ҳаммани чақирди ва ўзини Аҳмат каби чечен қабристонига кўмилишини хоҳлашини айтди. Бироқ у мусулмон бўлмагани учун бу мумкин эмас эди", деб ҳикоя қилади Марина Литвиненко.

"Шундан кейин палатага имомни олиб келишди ва у маросимни ўтказди".

Маринанинг таъкидлашича, у пайтда Литвиненко гапира олмай қолган эди.

21 ноябрда Литвиненконинг олдига отаси Вальтер келади.

"Ота, нима дейсан, мен энди мусулмонман", деб унинг сўзларини қайтаради Марина қайнотасига. Бу муҳим эмас, муҳими коммунист эмассан, деб жавоб беради Вальтер.

22 ноябрда Литвиненконинг аҳволи оғирлашади. Унинг охирги сўзлари "Мен сени жуда севаман" бўлди,- дейди кўзлари ёшланиб Марина.

Эртаси куни у ҳушини йўқотди ва кечга бориб жони узилди.

Шифокорлар Маринага эрининг жасади олдида қолишга ва ҳатто уни ўпишга рухсат беришади. Ҳеч ким бу хавфли эканини айтмайди.

Тунда эса унинг уйига полиция келиб, ўзи ва ўғлини тезда олиб кетишлари кераклигини билдиради.

"Улар мени Саша полоний билан заҳарланганини янгиликлардан билишимни исташмаган. Уларнинг айтишича, бундай ҳодиса уларнинг тажрибасида шу пайтгача бўлмаган. Бизга уйда қолишимиз ўта хавфлилигини айтиб, эвакуация учун ярим соат вақт беришди".

Биринчи кун Марина ўғли билан Аҳмат Закиевнинг уйида қолади. Сўнгра бир йил Борис Березовскийга тегишли уйда яшашади.

Терговчи Робин Там сўроқ ниҳоясида Маринадан эрининг ўлимига сабаб бўлган уч фараз ҳақида сўрайди: эҳтиётсизлик натижасида ўлим, ўз жонига суиқасд ва учинчи шахс томонидан қотиллик.

Марина дастлабки икки тахминни қатъий рад қилган ва эри ҳеч қачон радиоактив модда билан алоқаси бўлмаганини, шунингдек ҳеч қачон ўзини ўлдириш фикри хаёлига келмаганини айтган.

"Энг бошидан мен объектив бўлишга, дуч келган одамни айбламасликка ҳаракат қилганман. Полиция менга Луговой ва Ковтунга қарши маълумотлар борлиги, улар гумонланаётганини айтганда, мен уларнинг фикрига қўшилдим", дейди Марина.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Литвиненконинг ўғли Анатолий биринчи бор гувоҳлик берган. У Россиядаги ҳаётини ва Британияга дастлаб келганлари вақтини деярли эслай олмаслиги айтган. Шунингдек, бошқа жиҳатларда онаси Маринанинг гапларини тасдиқлаган.

"Илиқ, бемаза чой"

Робин Там Литвиненконинг беваси Маринадан эри ҳаётининг охирги ойлари ҳақида, Луговой билан танишгани ва 1 ноябрда полоний билан заҳарланганидан кейинги кунлари ҳақида сўраган.

Марина Литвиненко айтишича, эри Луговойни 1994 йилдан бери билган, ўзи эса 2006 йилда танишган. Икки марта учрашган- бир марта Борис Березовскийнинг туғилган кунида, бир марта Луговой хотинини олиб уйларига келганда.

"Луговой Лондондан уй сотиб олмоқчи бўлди, мен унга ёрдам беришни ваъда қилдим", дейди Марина.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Марина тахмин қилишича, Луговой Лондонда Борис Березовскийга ишлаган ва унинг ҳамкори Бадри Патаркацишвили билан яқин бўлган.

"Саша менга Луговой Виктор Иванов устидан маълумот тўплаганини, лекин буни жуда ёмон, жуда қисқа қилганини айтганди", дейди Марина.

Унинг сўзлашича, Литвиненко касалхонада заҳарланиб ётганида Луговой билан телефонда Испанияга режаланган 10 ноябрдаги сафарни муҳокама қилган.

Ҳимоячи Бэн Эммерсоннинг ўша пайтда Литвиненко Луговойдан шубҳаланганмиди, деган саволига Марина жавоб беришга қийналади.

Марина Литвиненко 1 ноябрда эрининг Марио Скарамелло ва Луговой билан учрашуви бўлгани, кечқурун Аҳмат Закаевнинг олдига киргани, бироқ ўша пайтда ҳеч нарсадан шикоят қилмаганини айтган.

1 ноябрда Литвиненко оиласи билан Британияга борган кунини нишонлаган, ярим тунда ўзини ёмон сезган.

Тунда Литвиненко қаттиқ ўқчийди. Эрталаб, бутунлай кучдан қолади, доимий кўнгли айнийди, бироқ тез ёрдамни чақиришни хоҳламайди.

3 ноябр кечқурундагигина тез ёрдамга мурожаат қилишади.

"Улар бу шунчаки шамоллаш дейишди ва кўпроқ сув ичишни маслаҳат беришди ва уни уйда қолдиришди", деб эслайди Марина.

Яна бир кундан сўнг у эрини касалхонага олиб боришга врачларни кўндиради, касалхонада дарҳол унга антибиотик беришади.

13 ноябрда Литвиненконинг аҳволи кескин ёмонлашади, томоғи қаттиқ оғрийди ва деярли бир пайтда ҳамма сочлари тўкилади.

Марина ўша пайтда у врачлар билан жуда қаттиқ гапиришига тўғри келгани, улардан эрига нима қилганини тушунтиришни талаб қилганини сўзлайди. Врачлар бу дорининг акс таъсири, дейишади унга.

Сешанба кунги эшитишда Литвиненко билан охирги суҳбатнинг айрим тафсилотлари ҳам очиқланган.

"Бизда ҳозир заҳарлашда гумон қилинган уч киши бор, дейди Литвиненко бир жойда, 1 ноябрда полоний билан заҳарлангани ҳақида гапирар экан.

Уларнинг биринчиси италиялик Марио Скарамелло бўлиб, Литвиненко хотини Марияни бу ҳақда хабардор қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Литвиненко 1 ноябрда ўзи учрашган Дмитрий Ковтун исмини тилга олмай, Луговой билан бирга Владимир ёки Володя деган одам бор эди, дейди.

Бошқа икки гумондор- Андрей Луговой ва унинг дўсти, Литвиненко унинг исмини аниқ эслай олмайди, Вадим ёки Володя эди, дейди.

Терговчи Хайатт билан суҳбатда Литвиненко бир неча марта бу ўта маҳфий учрашув бўлгани ва ҳеч ким билмаслиги кераклигини таъкидлайди. Шу билан бирга "Пайн" баридаги учрашувни тасвирларкан, Дмитрий Ковтун исмини тилга олмайди. Суриштирув ходимларига кўра, Литвиненко 1 ноябрда Луговой ва Ковтун билан бирга ўтирган.

"Менга узунлиги 15 см бўлган кулранг металл стаканда чой беришди. Мен чойни ичдим, чой иссиқ эмас, илиқ ва бемаза эди", дейди Литвиненко.

Суҳбатда Литвиненконинг баъзи сўзлари умуман тушунарсиз бўлгани, зўрға гапиргани, Ҳаййат баъзида уни умуман тушунмагани айтилади.

Чоршанба, 4 феврал куни прокурор Литвиненконинг дўсти Александр Голдфарбни сўроқ қилади, унда гувоҳ махфий маълумотларни очиқлаши боис, матбуот ва бошқа одамлар залга қўйилмайди.

Ўтказилаётган суриштирувдан мақсад- Александр Литвиненко ўлими вазиятига ойдинлик киритиш. Хусусан, ҳакам Оуэн жараён ниҳоясида Россия ҳукуматининг қотилликка алоқаси борлиги масаласи ҳақида гапириши кутилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз: 44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ