Минскдаги музокаралар олди Украинада ўқ отишлар тўхтамаяпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бугун Беларус пойтахтида "нормандия тўртлиги" деб аталаётган Франция, Олмония, Украина ва Россия раҳбарлари иштирокидаги саммит бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Бироқ тўрт давлат раҳбарлари Украина шарқидаги инқирозга барҳам бериш тинчлик режаси бўйича бир қарорга келишлари ҳозирча номаълум.

Россия Ташқи Ишлар вазирлиги вакили Москва оптимистик руҳда эканини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Маҳаллий вақт билан 14.00 гача раҳбарлар Минскка етиб боришади. Соат 15.00гача журналистлар йиғилишади. Учрашув 15-18.00 да бўлиб ўтади.

Украина шарқида эса бўлгинчилар ва ҳукумат кучлари ўртасида жанглар давом этаяпти.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Президент Пётр Порошенко Минскка жўнаш олдидан сешанба куни ўққа тутилган Краматорскка борган. Украина раҳбари бўлгинчиларни сочма бомбалар ишлатганликда айблаган ва буни саммитда муҳокамага қўйишини билдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Айирмачилар бу иддаони рад қилганлар ва ҳукумат кучлари тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларни артиллерия ҳужумига тутганини айтганлар.

Шу билан бирга, россияпараст бўлгинчилар назоратларидаги ҳудудлар кенгайиб бормоқда.

Украина президенти Петр Порошенко бутун украина бўйлаб ҳарбий ҳолат жорий этишга тайёрлигини айтган.

Минскдаги саммит арафасида гапирган жаноб Порошенкога кўра, Украина тинчликка ҳам, ўзини ҳимоя қилишга ҳам тайёр туриши керак.

Хабарларга кўра, артиллерия ҳужумлари натижасида ўтган тунда камида 8 киши ҳалок бўлган.

Бундан олдин Украина армияси 19 ҳарбийсини йўқотгани, 70 дан ортиғи жароҳатлангани маълум қилган.

АҚШ Президенти Барак Обама сешанба куни Путин билан телефон мулоқотида Украина масаласида Россия ўз сиёсатини ўзгартирмас экан, бунинг оқибатлари жиддий бўлишидан огоҳлантирган.

Обама Украина ўзини Россия тажовузидан ҳимоя қилишга ҳаққи борлиги ва бунинг учун АҚШ зарур бўлганда мудофаа қуроллари етказиб беришга тайёр эканлигини ҳам таъкидлаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002