Украина шарқида оташкесим эълон қилинади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Белорусдаги музокаралар чоғи 15 февралдан бошлаб Украина шарқида ўқ отиш тўхтатилишига келишилган.

Бу ҳақда Россия ва Украина раҳбарлари эълон қилишган.

"Биз асосий масалаларда келишишга муваффақ бўлдик", деб айтди Владимир Путин Украина, Франция ва Олмония раҳбарлари иштирокида ўтган саммит ортидан.

Франция Президенти Франсуа Олланд эса, ўртадаги "жиддий битим" экани, аммо муҳокамадаги барча нуқталар юзасидан ҳам бир тўхтамга келинмаганини таъкидлади.

Олмония тарафи воизи кўра, ҳали ижобий натижаларга эришиш юзасидан "умидлар" сўнмаган.

17 соат давом этган музокаралар ортидан эълон қилинган битим жабҳа чизиғидан оғир қуролларни олиб чиқиб кетиш масаласини ҳам ўз ичига олган. Энди раҳбарларга кўра, Украина шарқидаги россияпараст исёнкорлар буни имзолашлари керак.

Демак, келишилган нуқталар:

*Оташкесим 15 февралдан бошланади; *Оғир қуроллар олиб чиқиб кетилади; Бу жараён 17 февралдан бошланиб, икки ҳафта ичида якунланиши керак; *Барча маҳбуслар озод қилинади; Жангларда иштирок этаётган томонларга авф қўлланилади; *Ҳамма турдаги хорижий қуролли тузилмалар, қурол-аслаҳалар, ёлланма аскарлар Украина ҳудудини тарк этиши, ноқонуний гуруҳлар барчаси қуролсизланиши лозим; *Исёнкорлар назорати остидаги ерларда одатий ҳаётни қайта бошлашга изн бериш, барча чекловлар бекор қилиш кўзда тутилган; *Конституцион ислоҳотлар ўтказилиши лозим; *2015 йил охирига бориб, Украина Россия билан ўртадаги чегарада назорат ўрнатади.

Би-би-сининг Минскдаги мухбири Ричард Галпинга кўра, ўтган сентябр ойи худди шунга ўхшаш оташкесим келишувига эришилган, бироқ кўп ўтмай, бекор бўлганди.

Меркел хоним катта муаммолар сақланиб қолгани, аммо "умид учқунлари" сўнмаганини айтган.

Ҳал этилмаган масалалардан бири Дебальцево шаҳарчасининг мақомидир. Ҳукумат назорати ушбу шаҳарча атрофи исёнкорлар тарафидан ўраб олинган ва бир неча кундирки, ҳудудда қақшатқич жанглар кечаётганди.

Донецк ва Луганск минтақалари бўйича ҳам музокара ўтаказилади.

Жаноб Путин Россия телевизиони орқали чиқаркан: "Бу мен учун жуда яхши тун эмас эди, аммо тонг хайрли бўлди", деб айтган.

Россияни "қабул қилиб бўлмас шартлар" қўяётганликда айблаган Пётр Порошенко "танглик ва босимга қарамай" Украина "ултиматумлар"га ён бермаганини таъкидлаган.

Луганск минтақасидаги бўлгинчилар раҳбари Игор Плотнитский келишувни олқишлаб чиққан.

"Умид қиламизки, бизнинг саъй-ҳаракатларимиз билан Украина ўзгаради ва фуқаролар, шифохоналар ва ижтимоий жиҳатдан муҳим иншоотлар нишонга олинмайди", деб айтган у.

Шартлар

Аввалроқ, Президент Пётр Порошенко Белорусдаги Украина инқирозини ечишга қаратилган музокараларда Россия қўяётган шартлар "қабул қилиб бўлмас" эканини айтганди.

У бу ҳақда танаффус пайти мухбирларга гапирган. Музокараларда Россия Президенти Владимир Путин ҳам иштирок этган.

Франция раҳбари Франсуа Олланд ва Олмония канцлери Ангела Меркел раҳбарлари етакчилигида ўтаётган Минскдаги тўрт томонлама йиғин чоршанба куни тунда бошланган ва эрталабгача давом этган.

Украина шарқидаги жангларда минглаб инсонлар нобуд бўлди.

Тун бўйи қарийб 14 соат кечган музокаралар ортидан жаноб Порошенко "ҳали яхши хабар йўқ"лигини билдирган.

Президент мухбирларга гапираркан, Россия қўяётган "шартларни, қабул қилиб бўлмас", дея ҳисоблашини айтган.

У тафсилотларга муфассал тўхталмаган, бироқ музокаралар давом этаркан, "ҳар доим умид бор"лигини қўшимча қилган.

Раҳбарлар оташкесим, оғир қуролларни олиб чиқиб кетиш ва демилитаризациялаш масалаларига эътибор қаратишган.

Россия Украина шарқидаги бўлгинчиларни қуроллантириш ва дастаклашда айбланади. Россия ҳукумат эса, бу айбловларни рад қилади.

Украина ҳукумати 5 сентябрда эришилган ва кейин муваффақиятсизликка учраган оташкесимга асосида демаркация чизиғини белгилаш илинжида эди.

Би-би-сининг Донецкдаги мухбири Жеймс Рейнолдснинг хабар қилишича, исёнкорлар яқин ҳафталар асносида қўлга киритган муваффақиятлар акс этадиган янги келишувни исташади.

Айни пайтда Халқаро Валюта Жамғармаси Украина иқтисодини дастаклаш учун 17, 5 миллиардлик кўмак таклиф қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ