Украина шарқида яна портлашлар эшитилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

13 феврал куни Украина шарқидаги Донецк ва Луганск атрофи замбарак ҳужумларига тутилган, томонлар бир-бирини ўт очишни тўхтатиш битимини бузишда айбламоқдалар.

Украина ҳукумат кучларига кўра, россияпараст исёнчилар Донбасс ҳудудларидаги Украина армияси мавқеъларини жумадан пайшанбага ўтар кечаси 40 марта бомбардимонга тутганлар.

Россияпараст исёнчилар эса охирги бир кеча-кундуз мобайнида оташкесим битими Украина ҳарбийлари томонидан 42 марта бузилди, деганлар.

Талофотлар ҳақида хабар берилмаган.

Янги артиллерия ҳужумлари 12 феврал куни Минскда эришилган ўт очишни тўхтатиш келишуви ҳақида эълон этилганидан кейин кузатилган.

Украина, Россия, Олмония ва Франция раҳбарларининг 17 соатлик музокаралари якунида эришилган битим 14 февралдан 15 февралга ўтар кечаси, маҳаллий вақт билан тунги соат 12 дан кейин кучга кириши кўзда тутилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Келишувга кўра, урушаётган томонлар оғир қуроллар олиб чиқиб кетишлари лозим.

Бу жараён 17 февралдан бошланиб, икки ҳафта ичида якунланиши керак.

Томонлар барча маҳбуслар озод қилишлари лозим.

Жангларда иштирок этаётган томонларга авф қўлланилади.

Ҳамма турдаги хорижий қуролли тузилмалар, қурол-аслаҳалар, ёлланма аскарлар Украина ҳудудини тарк этиши, ноқонуний гуруҳлар барчаси қуролсизланиши лозим.

Россияпараст исёнчилар назорати остидаги ерларда одатий ҳаётни қайта бошлашга изн бериш, барча чекловлар бекор қилиш кўзда тутилган.

Украина конституцияси бўйича ислоҳотлар ўтказилишига келишилган.

2015 йил охирига бориб, Украина Россия билан ўртадаги чегарада назорат ўрнатиши кўзда тутилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ