Украина шарқида оташкесим кучга кирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Киев вақти билан ярим тунда Украина шарқида Минск келишувига мувофиқ оташкесим бошланди.

Президент Порошенко телевидение орқали мурожаатида ўт очишни тўхтатишни буюрган.

Томонлар жабҳалардан оғир ҳарбий қуролларини олиб чиқишлари керак бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Олмония канцлери Ангела Меркел ва Франция Президенти Олланд томонларни Минск келишувини бажариш муҳимлигини айтганлар.

Оврўпонинг икки етакчи давлати раҳбарлари Олланд ва Меркел Донбассдаги вазиятдан хавотирларини билдиришган Президент Порошенкога телефон орқали мулоқотда.

Порошенко бундан ташқари АҚШ Президенти Барак Обама билан гаплашиб, Донбассдаги вазиятни муҳокама этган. Обама ва Порошенко вазият ёмонлашган тақдирда керакли чораларни келишганлари айтилади Украина Президенти матбуот хизмати хабарида.

Оташкесим бошланишидан олдин шанба куни Дебалцево қаттиқ отишмалар остида қолган. Мариуполда ҳам отишмалар тинмаётгани хабар қилинди. Артиллерия ҳужумлари натижасида 1 бола дохил 10 тинч фуқаро ҳалок бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Президент Порошенко айирмачилар ҳаракати давом этар экан, мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий қилинади, деди. Ҳамда бундай вазиятда Оврўпо Кенгашининг фавқулодда йиғилиши чақирилишини сўради.

Айни пайтда Донецк халқ республикасининг раҳбари Александр Захарченко ўт очишлар тўхтатилишини, бироқ ўзлари назоратидаги ҳудудга украина аскарлари кириши оқибатларидан огоҳлантирди.

Захарченкога кўра, тез орада чегара хизмати тузилиб, Украина шарқини қўриқлашни ўз зиммасига олади.

Оташкесим олдидан жанглар

Ўзини "Донецк халқ республикаси" деб атайдиган гуруҳ раҳбарларига кўра, исёнчилар назоратидаги ҳудуд ва аҳоли яшайдиган жойлар шанбага ўтар кечаси 25 марта ҳужумга тутилган. Улар Донецк артиллерия нишонига олинганини қайд этганлар.

Украина армиясига қараганда, уларнинг позициялари айирмачилар томонидан 34 марта ўққа тутилган.

Американинг Украинадаги элчиси Жеффри Пайеттнинг Твиттерда ёзишича, Дебалцевога Россия армияси техникалари кириб келмоқда. Россия эса бу хабарни "кофе қуйқимига қараб фол очиш" дея изоҳлади.

12 февралда Минскда Украина, Россия, Олмония ва Франция раҳбарлари ўртасида 16 соатлик музокаралар орқасидан Украина шарқида 15 февралдан ўт очишларни тўхтатишга келишилган эди.

Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ Россиянинг Украинага нисбатан сиёсати ўзгармаса, янги жазо чоралари киритилиши билан таҳдид қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ