Украина инқирози: оташкесим тақдири хавф остида

Image caption Артиллерия ҳужумлари натижасида ўндан ортиқ тинч фуқаролар қурбон бўлган.

Украина ҳукумат кучлари ва россияпараст бўлгинчилар Донбассдаги жанглар шиддати ошгани учун масъулиятни бир-бирига юкламоқда.

Ўзини "Донецк халқ республикаси" деб атайдиган гуруҳ раҳбарларига кўра, исёнчилар назоратидаги ҳудуд ва аҳоли яшайдиган жойлар шанбага ўтар кечаси 25 марта ҳужумга тутилган. Улар Донецк артиллерия нишонига олинганини қайд этганлар.

Украина армияси эса уларнинг позициялари айирмачилар томонидан 34 марта ўққа тутилганини айтмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Дебалцеводаги вазият ноаниқ бўлиб қолмоқда. Бўлгинчилар раҳбарлари ҳукумат кучларини қуршовга олинганини таъкидлайди, Киев буни инкор этади.

15 феврал тунида Донбассда оташкесим кучга кириши керак.

Ўт очишга барҳам бериш бўйича пайшанба, 12 февралда "норманд тўртлиги" томонидан келишилган.

"Бироқ айирмачилар ўқ отишда давом этар экан, оташкесим бошланмай туриб, ниҳоясига етиши мумкин",- дея огоҳлантиради Пётр Порошенко.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украина шарқида сақланиб қолаётган тарангликка Россия масъулиятли, деган Порошенко шунингдек.

Киев якшанба тунида ўт очишлар тўхтамаса Оврўпо Кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақирилишини сўрамоқчи.

Мухбирларнинг хабар беришларича, жанглар шиддати камайгани ҳақида ҳозирча ҳеч бир ўзгариш сезилмаяпти. ОҲҲТ кузатувчилари ҳам шундай маълумотни беришган.

Томонлар бир-бирини айблаётган артиллерия ҳужумлари натижасида етти ёшли бола дохил ўндан ортиқ тинч фуқаролар қурбон бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Охирги хабарларга кўра, Дебалцевода отишмалар кучайган.

"Донецк халқ республикаси" раҳбари Александр Захарченко Дебалцевони ДХРнинг ички ҳудуди деб атаган.

Американинг Украинадаги элчиси Жеффри Пайеттнинг Твиттерда ёзишича, Дебалцевога Россия армияси техникалари кириб келмоқда. Россия эса бу хабарни "кофе қуйқимига қараб фол очиш" дея изоҳлади.

Мариупол яқинида хам жанглар кучайгани ҳақида хабарлар бор.

Порошенко яна бир бор бўлгинчилар ҳаракати Минск келишувини барбод қилишини билдирди.

Украина чегарасида бўлгинчиларга аталган Россия техникалари кўпайган, дейди АҚШ элчиси Пайетт. "Айни пайтда бўлгинчилар баъзи Оврўпо давлатларидан кўп ҳарбий техникага эгалар", деб ёзади у.

Олдинроқ Қўшма Штатлар Давлат департаменти вакили Жен Псаки хам Россия ҳарбий техникаларининг янги гуруҳи Украина чегарасига ташланаётганини айтганди. Москва бу хабарларни қатъий рад этмоқда.

Бўлгинчилар раҳбари Захарченконинг таъкидлашича, бўлгинчилар ўт очишни тўхтатадилар, лекин ўзларига тегишли ҳудудга киришга уринишни бартараф этишга тайёр турадилар.

Киев вақти билан 22 да томонлар ўт очишни тўхтатиб, оғир техникаларни 50-140 км масофага олиб чиқишлари лозим.

Шунингдек, Минск келишувига биноан, Украина ҳукумати Россия билан чегарада назорат ўрнатишлари кўзда тутилади.

Бироқ Захарченко чегарани ДХРнинг чегара хизмати қўриқлашини маълум қилди. "Бугун чегара хизматини тузиш ҳақида фармон берилади. Бирорта ҳам

украиналик аскар бизнинг майдонимизга кирмайди", деб айтган жаноб Захарченко.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

12 февралда Минскда Украина, Россия, Олмония ва Франция раҳбарлари ўртасида 16 соатлик музокаралар орқасидан келишувга кўра, Украина шарқида якшанба куни оташкесим бошланиши кутилади.

Украина шарқида ўтган йилнинг апрел ойида бошланган можаролар 5400 дан ортиқ инсон умрига зомин бўлган.

БМТ га кўра, қурбонлар сони бундан анча кўп бўлиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ