Тошкентлик сайёҳ ва ҳинд жумбоғи

Ҳиндистон турли-туман мўъжизаларга тўла булган мамлакатдир.

Ўзбекистондан унчалик йироқ бўлмаса-да, у ер - бутунлай бошқа олам. Саёҳлар ва тужжорлар Ҳиндистонга бориб келгандан кейин ҳам таассуротлардан анча вақтгача ўзларига кела олмайдилар.

Бунинг сабаби, ҳиндларнинг дини, маданияти, урф-одати, турмуш тарзи, уй-жойи, овқати…ва ҳоказаларининг ўта ғайриоддийлигидир.

Ҳиндистон жаҳондаги энг катта демократик давлатлардан ҳисобланади. Бунга у юртни зиёрат қилган одамда ҳеч қандай шубҳа қолмайди, чунки турли дин ва ғоя эгалари, умуман олганда, тинч-тотув аҳилликда яшаб келмоқда.

Айниқса, у ердаги аҳолининг сонини ҳисобга олсангиз бу ҳол янада аён бўлади.

Хуллас, Ҳиндистондаги ҳайратомуз нарсалар рўйхатининг охири йўқ.

Шундан уларнинг энг таъсирчанига тўхталмоқчиман.

Ҳикоямга илова қилинган диний расмларни Деҳлининг марказида жойлашган "Толстой" кўчасидаги уйларнинг деворида кўриш мумкин.

Ушбу сурат сизнингча нимани англатади? Мен ҳам биринчи бор кўрганимда, бу динлараро дўстликни тарғиб қилиш мақсадида чизилган деб ўйлагандим.

Лекин ундай бўлиб чиқмади.

У сўнги чора экан... Аҳоли кўп бўлгани учун ҳиндларнинг "маданиятида" куппа-кундуз ҳам омма олдида кўча-куйда ҳожатга чиқиш айб саналмас экан.

Қистаб қолса, энг яқин дарахт ёки деворга ўтишиб қуйишар экан.

Ҳиндистонда об-ҳаво иссиқ эканини ҳисобга олган ҳолда, ёзнинг жазирамасида атрофга тараладиган ҳидни ўзингиз тасаввур қилаверинг.

Бу каби эркин "маданият"нинг олдини олиш мақсадида, шаҳар марказидаги аҳоли, зеро шу турли дин вакиллари ўзларининг муқаддас сиймоларига ҳурмат кўрсатиб, шу жойларни булғамас деган умидда бу каби диний суратларни ўз деворларига осиб ё чизиб қўяр эканлар.