Иосиф Кобзон: "Тупурдим Оврўпо санкцияларига"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россиянинг фахрий қўшиқчиси ва сиёсатчиси Иосиф Кобзон Оврўпо Иттифоқига киритилмайдиган россияликлар рўйхатидан жой олди.

Бу Путин сиёсатига содиқ сиёсатчи ва тадбиркор "Россия Фрэнк Синатраси" учун Россия ичида обрўдек кўрилиши мумкин.

"Тупурдим бу санкцияларига", - деди у душанба куни Россия телевидениеси орқали мағрурона жилмайиб.

"Жуда мамнунман ва миннатдорман", - деди у бошқа бир интервьюсида.

Унинг ягона армони шуки, у энди Оврўпода истиқомат қиладиган қизи ва невараларини бориб кўролмас экан. Унинг қизи Австралия фуқаросига турмушга чиқиб, ҳозирда Англияда яшайди.

Бироқ, жаноб Кобзон ўз танлаган йўлидан қайтмаслигини урғулади.

"Душманларим мени Донбассда ва Қримда концерт беришда айблашаяпти. Яна бораман", - деди у ва шу ой охирида Донецк ва Луганскда томоша кўрсатишини билдирди.

Президент Владимир Путиннинг кўплаб тарафдорлари каби Кобзон ҳам Украина ҳукуматига қарши жанг қилаётган россияпараст исёнчиларни қўллаб-қувватлаган.

Бу 77 ёшли қўшиқчининг Ғарб томонидан илк марта қора рўйхатга киритилиши эмас.

У 1994 йилдан бери ҳар йили АҚШ визасига ариза топширига қарамай, виза ола олмайди. АҚШнинг унга қарши важи сиёсий эмас, балки жиноий гуруҳга аъзолик айбларидир.

Украинадаги жанглар шу вақтгача олти мингга яқин одамнинг умрига зомин бўлди ва ўн минглаб одамларни уйсиз қолдирди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02