Лордлар: "Британ ҳукумати Кремлни нотўғри баҳолаган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Буюк Британия ва Оврўпо Иттифоқи Украина инқирози арафасидаги Кремль кайфиятини умуман олганда "фожеали равишда нотўғри баҳолашган", дейилади Британия парламентининг Лордлар палатаси таркибидаги Оврўпо Иттифоқи бўйича қўмита ҳисоботида.

Лордларнинг фикрида, Оврўпо Иттифоқи Украинанинг Оврўпога қўшилиш режалари борасидаги Россия норозилиги қанчалар чуқур эканини тўғри баҳолай олмаган, Британия эса бу инқирозни ечиш йўлида етарли ё сезиларли чора кўрмаган.

Улар бунинг сабабини бюджетнинг қисқаришида кўрадилар. Лордларга кўра, Ташқи ишлар вазирлиги молияси кесилиши оқибатида вазирликда Россия бўйича мутахассислар сони камайган, таҳлилий ишлар эса аҳамиятли деб кўрилмаяпти.

Ҳисоботда айтилишича, Оврўпо Иттифоқи ва Москва ўртасидаги алоқалар кўп йиллар давомида "оптимистик" руҳда ривожланди ва Россия демократик давлатга айланаётгани таъкидланди. Шундай экан, 2013 йилда Украинани Оврўпо Иттифоқи билан яқинлаштириш бўйича келишув имзоланганда, Оврўпода ҳеч ким Кремль бунга бу қадар адоват билан ёндошишини кутмаганди.

Узоқ муддатда ҳам Москва амалларига қандай жавоб кўрсатиш кераклиги борасида Оврўпо Иттифоқида ҳеч қандай тасаввур бўлмагани ҳам айтилади.

Британия 1994 йилда Украинанинг ҳудудий яхлитлигини таъминловчи Будапешт меморандумига имзо чеккан тўрт давлатдан бири бўлгани учун ҳам Лордлар британ ҳукумати камчиликларини янада аҳамиятли дея кўришмоқда.

Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот воизи Лордлар танқидига жавоб бера туриб, Россиянинг Украина шарқидаги "асоссиз ва ноқонуний" аралашувининг кўламини ҳеч ким олдиндан башорат қила олмаганини айтди.