'Исломий Давлат' яна 45 кишини тириклайин ёқиб ўлдирди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Расмий хабарларга кўра, бу машъум ҳодиса Ироқнинг гуруҳ куни-кеча босиб олган ал-Бағдодий шаҳрида юз берган.

Қурбонларнинг шахси ва нима учун бу куйга солинганликлари сабаби маълум эмас.

Аммо ораларида хавфсизлик кучлари ходимлари ҳам борлиги айтилмоқда.

Бу ҳақда ал-Бағдодий шаҳри полиция бошқармаси бошлиғи полковник Қосим ал-Убайдий билдирган.

"Исломий Давлат" Ироқнинг ғарбий Анбар вилоятидаги бу шаҳарчани ўтган ҳафта босиб олганди.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, ал-Бағдодийнинг шундоққина биқинида АҚШ ҳарбий базаси ҳам жойлашган.

Полковник жанобларига кўра, ҳозир Ироқ хавфсизлик кучларининг оилалари ва маҳаллий мулозимлар жангариларнинг нишонига айланишган.

Худди шу боис ҳам, бизга Ироқ ҳукумати ва халқаро ҳамжамиятнинг кўмаги зарур, деб айтган полиция бошқармаси бошлиғи.

Аммо ал-Бағдодийда ҳануз жанглар кечмоқда. Шаҳарча билан алоқа ҳам яхши эмас.

Шу боис ҳам, гуруҳнинг янги қилмишлари ҳақидаги хабарларни тасдиқлаш осон эмас.

Жорий ой бошида тутқундаги иорданиялик учувчининг жангариларнинг қўлидан худди шундай ўлим топгани акс этган видеолавҳа бутун дунёни ларзага солганди.

Ал-Бағдодий...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шаҳарча бир неча ойлик қуршов ортидан, ўтган пайшанба куни "Исломий Давлат" гуруҳининг қўлига ўтганди.

Бунгача ал-Бағдодий ғарбий Анбар вилоятидаги Ироқ ҳукумати назорати остида бўлган саноқли шаҳарлардан бири эди.

"Исломий Давлат" гуруҳи ва уларнинг иттифоқчиси бўлган маҳаллий сунний араб қавмлари ўтган йил бошида Анбарни ишғол этишни бошлашганди.

Гуруҳнинг сўнгги ютуғи АҚШ томонини ҳам беэътибор қолдирмаган, Пентагон воизи ўтган жума куни шаҳарчани қайтариб олиш зарурияти хусусида сўз юритганди.

Жон Кирби жаноблари бу - ўтган бир неча ойнинг ичида "Исломий Давлат" эришган биринчи ютуқ эканига диққат қаратганди.

Уч юздан ортиқ АҚШ ҳарбийлари жойлашган "Айн ал-Асад" базаси эса, шаҳарчадан бор-йўғи 8 чақирим узоқликда жойлашган.

Ал-Бағдодий "Исломий Давлат" қўлига ўтмасидан сал аввал ҳарбий базанинг ўзи ҳам жангарилар томонидан ҳужумга тутилган, базага қарши худкуш ҳужумчилар ҳам ташланганди.

Аммо АҚШ бошчилигидаги иттифоқ томонидан ҳаводан туриб дастакланган Ироқ кучлари уларнинг ҳужумларини даф этишга муваффақ бўлишганди.

Воқеаларнинг бошқа бир ривожида эса, ироқлик таниқли шиа уламоси Муқтадо ас-Садр ўзига хос баёнот билан чиққан.

Шиа уламоси "Исломий Давлат"га қарши кураш олиб бораётган жангчиларини Ироқ ҳукумат кучлари сафидан чиқариб олишини айтган.

Муқтадо ас-Садрнинг даъво қилишича, бунга Уюшган Халқ Кучлари таркибида бўлган бошқа жангариларнинг номақбул хатти-ҳаракатлари сабаб бўлган.

Таниқли шиа уламосига кўра, бу каби жангчилар "қатллар, одам ўғирлаш ва муқаддас қадамжойларни оёқ-ости қилиш билан ҳамма нарсани остин-устун қилишмоқда".

"Исломий Давлат" Ироқ шимолида ўз амалиётларини бошлаган ўтган июн ойидан буён шиа жангарилари ўнлаб сунний мусулмонларни олиб қочиш ва ўлдиришда айбланишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ