Украина инқирози: 'Путин ютиб, Ғарб ютқиздими?'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Оташкесимга оид Минскда эришилган янги битим ортидан, Ғарбнинг қатор нашрлари худди шундай савол билан чиқишган ва алал-оқибат, ҳамма қолиб, Россия президенти, барибир, ўзининг ниятига эришди, деган хулосага келишган. Дебальцевода эса, жанглар ҳануз тинмаган.

Жумладан, Британияда чоп этилувчи нуфузли "The Independent" нашридаги таҳлилий мақола оҳангининг анчайин кескинлиги билан ўқувчининг эътиборини ўзига тортади.

"Агар, сўнгги оташкесим бир ойдан узоққа чўзилса, бу - ҳақиқий мўъжиза бўлади. Ҳатто, шундай бўлган тақдирда ҳам, бу - фақат бир кишига, у ҳам бўлса, Россия Президенти Владимир Путинга қўл келади", - деб ёзади нашр.

Ушбу таҳлилий мақола муаллифи Иэн Биррел наздида, президент Путин на-да ҳукуматлари ва на-да аҳолиси янги уруш ва янгитдан қуролланиш истагида бўлган Ғарбнинг заиф мавқеидан фойдаланиб қолди: Амалда барча томонларнинг Қримнинг Россияга қўшиб олинишига рози бўлишларига эришди.

Муаллифнинг ёзишича, агар, оташкесим иш берса, "Россия президенти худди Гуржистон ва Молдова мисолида бўлгани каби, ўзининг "халқ республикалари"ни буфер ҳудудларга айлантириш режасининг уддасидан чиқади".

"Путин Россияси раҳмсиз ва шафқатсизлигича қолаверади, хаёлпарастликка ҳожат йўқ", - деб давом этади Иэн Биррел.

Унинг ёзишича, "Россия ўз мавқеъларини мустаҳкамлаш мақсадида халқ орасида миллатчилик ва шовинизм туйғуларини алангалатаётган бир гуруҳ коррупционер собиқ КГБчиларнинг қўлида".

Бу одамлар Кремлни ўз қўлларида тутиб қолиш учун ҳеч нарсадан тап тортмасликларини яққол намойиш этишди. Бу - бизни ҳушёр торттириши керак", - дейди муаллиф ўз мақоласида.

Унинг ёзишича, бунинг ўрнига Ғарбдаги сўллар ҳам, ўнглар ҳам Россиянинг тарихни қайта ўзгартириш ғояси ташвиқига учиб ўтиришибди.

Бунинг эса, тўғридан-тўғри ҳам сиёсий ва ҳам стратегик оқибатлари бўлади, дея давом этади муаллиф.

Украинанинг ўзида эса...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бирлашган Миллатлар Хавфсизлик Кенгаши оташкесимга оид битимни бир овоздан маъқуллаган бир манзарада, АҚШ Россияни айблаб чиққан.

АҚШ вице-президенти Жо Байден жанобларига кўра, Россия оташкесимга оид Минск битимини бузмоқда.

"Агар, шу қабилида давом этаверса, бу - Россияга янада қимматроққа тушаверади", - деб баён қилган жаноб Байден.

Украинанинг стратегик жиҳатдан муҳим шарқий Дебальцевo шаҳрида эса, жанглар ҳануз давом этмоқда.

Россияпараст бўлгинчиларнинг даъво қилишларича, шаҳарнинг аксарият қисмини аллақачон забт этиб бўлишган.

Маҳаллий оммавий-ахборот воситаларининг сўнгги хабарларига таянилса, Украина ҳукумат қўшинлари аста-секинлик билан шаҳарни тарк этишни бошлашган.

Бу каби хабарлар Россия Президенти Владимир Путин Дебальцеводаги украин ҳарбийларини таслим бўлишга ундаши ортидан кузатилмоқда.

Оташкесим ижросини риоя этишга масъул халқаро кузатувчилар эса, ҳануз шаҳарга киролмай, бошлари ҳалак.

Дебальцевo 25.000 кишилик аҳолисининг аксарияти хавфсиз ерга кўчирилган, аммо етти мингга яқин одамнинг ҳануз шаҳарда қамалиб қолишгани айтилади.

Оташкесимга оид янги битим ўтган якшанба куни кучга кирган, унинг деярли тўлиқ амал қилаётгани ҳам даъво қилинади.

Аммо, бўлгинчиларга кўра, Дебальцевени қамал қилиб туришгани учун ҳам, битим бу шаҳарчага тааллуқли эмас.

Устига устак, ҳар икки рақиб томон ҳам оғир қуролларини жанг жабҳасидан олиб чиқишганича йўқ.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, қуролли низолар бошланган ўтган апрел ойидан буён Украина шарқида 5600 дан ортиқ инсон нобуд бўлган.

Аммо ҳақиқий рақамлар, бундан-да, кўп, деган хавотирлар ҳам йўқ эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ