'Россия Болтиқбўйи мамлакатларига таҳдид солмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Британия Мудофаа вазири Майкл Фаллон айтишича, Россия Болтиқбўйи давлатлари - Латвия, Литва ва Эстониядаги вазиятни беқарорлаштиришга ҳаракат қилишининг реал таҳдиди мавжуд.

Ушбу уч собиқ Шўро республикаси бугун НАТО аъзолари ҳисобланади ва бу мамлакатларга нисбатан юзага келадиган таҳдид НАТО ташкилотини Россия билан тўғридан-тўғри тўқнашувга олиб келиши мумкин, деб ишонади жаноб Фаллон.

Британия Мудофаа вазири Майкл Фаллоннинг журналистларга айтишича, Россия Президенти Владимир Путин Украинада Қримни аннексия қилиб олишдек қўллаган усулини Болтиқбўйи мамлакатларида қўллашга ҳаракат қилиши мумкин.

"Мен унинг(Президент Путиннинг) Болтиқбўйига кўрсатаётган босимидан хавотирдаман, бу НАТОни синаб кўриш йўли", деб айтган жаноб Фаллон, НАТО Россия томонидан босқинчиликка тайёр бўлиши керак, деб қўшиб қўйган.

Журналистларнинг, бу Россия билан янги совуқ уруш бошланганими, деган саволга Майкл Фаллон "бу янги совуқ уруш эмас, бу анча қайноқ", дея жавоб қайтарган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

"Биз Украина ҳудудига бостириб кираётган танклар ва ҳарбий техникани кўриб турибмиз, шунингдек, биз Эстония чегарачиларининг патрули асирга олинганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Бунга сиз Ла-Манш осмонида пайдо бўлган Россия учоқларини, Шимолий денгизга кирган Россия сувости кемаларини қўшинг! Назаримда, гап вазиятни қизитиш ҳақида кетаяпти", деган Британия мудофаа вазири.

"У ҳаммага таҳдид солаяпти. Агар биз, бу таҳдид айрим давлатларга, Украинага, Молдовага ёки яна бошқа мамлакатга бўлаяпти, деб ўйласак хато қилган бўламиз. Биз бу таҳдид бутун қитъага, Оврўпога бўлаётган таҳдид эканини тушуниб етишимиз керак", деб айтган жаноб Фалллон

"Биз жазо чоралари сиёсатини давом эттиришимиз керак ва Владимир Путинга "сиз қилаётган нарсалар бизга маъқул эмас ва агар сиз ўзингизни тутишингизни ўзгартирмасангиз, бу иқтисодий ва молиявий оқибатларга олиб келади" деб айтишимиз керак", деган Майкл Фаллон.

НАТО низомига кўра, шимолий иттифоққа аъзо 26 Оврўпо мамлакати, АҚШ ва Канададан бирортасига ҳужум бутун НАТОга ҳужум, деб кўрилади.

Яқинда НАТОнинг Британиядаги вакиллиги Россия Украина шарқида энг замонавий артиллерия тизимини қўллагани ҳақида баёнот тарқатди.

19 феврал куни Англия жанубий соҳилларида Россиянинг иккита Ту-95 бомбардимончи учоғи пайдо бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Зудлик билан Британия ҳарбий-ҳаво кучларининг қирувчи учоқлари ҳавга кўтарилган.

Британия Мудофаа вазирлиги тарқатган баёнотга кўра, Россия учоқлари Британия ҳаво ҳудудини бузмаганлар.

Бундан олдин ҳам Британия соҳилларида Россия бомбардимончи учоқлари пайдо бўлган, Би-би-си мухбири Росс Хокинс ёзишича, ушбу парвозлар билан Россия ўз кучини кўрсатиб қўйишни мақсад қилган.

Британия Мудофаа вазири Майкл Фаллон баёноти Кремлни ғазаблантирди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги, бундай баёнот дипломатик одоб доирасидан ташқаридаги баёнот, деб чиқди.

Россияга кўра, Оврўпода вазиятни Россия эмас, аксинча НАТО таранглаштираяпти.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ