Яҳудий руҳонийси аёлларни яланғоч ҳолда кузатган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Прокурор собиқ раввинга қамоқ жазоси берилишини сўраган

Вашингтондаги нуфузли синагога раввини вуайеризм (бошқаларни яланғоч ё-да интим ҳолатда кузатиш) билан боғлиқ 52 ҳолат бўйича айбига иқрор бўлган.

63 ёшли Барри Френдел яҳудийлар ибодатхонасининг ювиниш хонасида видеокамера ўрнатган ва шу тариқа 150 га қадар аёлларнинг диний маросимга мувофиқ ювинишларини яширинча тасвирга туширган.

Айни маҳкама иши бўйича ҳукм май ойида эълон қилиниши кутилмоқда.

2014 йил октябрида ҳибсга олингунига қадар Барри Френдел 25 йил давомида Вашингтоннинг нуфузли Жоржтаун мавзеъсида жойлашган "Кешер Исраэл" синагогасига раҳбарлик қилган.

У ювиниш хонаси ходимларидан бири махфий видоекамерани кўриб қолганидан сўнг, ҳибсга олинган.

Сирли соат

Видеокамера осма электрон соат ичига ўрнатилган бўлган.

Френдел шу заҳотиёқ раввинликдан четлатилган.

Синагогага АҚШнинг жорий Молия вазири Жек Лью, собиқ сенатор Жо Либерман ҳамда Вашингтон сиёсий доираларидаги бошқа юқори мартабали зиёратчилар ташриф буюргани айтилади.

Аввалига собиқ раввин 6 ҳолатда аёлларни яланғоч ҳолатда кузатганликда айбланган, аммо кейинроқ полиция унинг уйида яна кўплаб видеоёзувларни қўлга киритган.

Натижада Френдел камида 52 нафар яланғоч ё-да ярим яланғоч аёлларни видеога туширганини тан олган.

Прокурор собиқ раввинга қамоқ жазоси берилишини талаб қилмоқда.