Россия Киевдаги “тўнтариш” санасига юришлар уюштиради

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption "Киевдаги намойишчилар ўлимида Россия масъул"

Россия ҳукуматининг тарафдорлари Москва ва бошқа шаҳарларда қўшни Украинада, уларнинг таъбирича “давлат тўнтаришининг” бир йиллигини оммавий юришлар билан нишонлайди.

Россия давлат оммавий-ахборот воситалари “Биз унутмадик! Биз кечирмаймиз!” каби шиорларни ўртага отган.

2014 йилда Украинадаги намойишчилар россияпараст президент Януковичнинг ҳукуматини ағдаришган эди.

Ўтган вақт мобайнида Россия Украинанинг Қримини ўз ҳудудига қўшиб қолган ва бўлгинчиларни дастаклаш айбловларига юз тутиб келмоқда.

Украина ҳукумати, НАТО ва Ғарб мамлакатлари раҳбарларига кўра, Россия Украинадаги бўлгинчиларга қурол-аслаҳа ва ўз ҳарбийлари билан кўмак бераётганига доир аниқ далиллар мавжуд.

Мустақил мутахасислар ҳам бу каби айбловларни тасдиқлашади.

Москва эса бу айбловларни рад этар экан, Украинада урушаётган аксарият аскарлар “кўнгиллилар” эканини уқтиради.

Шанба тонгида ҳам бўлгинчиларнинг қароргоҳи саналмиш Донецкда ракеталар овози тинмаган.

Бу икки орада эришилган оташкесимнинг аниқ бузилишидир.

БМТга кўра, ўтган йил апрел ойидан бери ўзаро жангу-жадал ва бомбарбимон оқибатида қарийб 5700 киши қурбон бўлган ва бир ярим миллион украиналик ўз уйларини ташлаб чиққан.

Жума куни Украина президенти Порошенко Россияни ўтган йил намойишлар чоғи снайперлар томонидан ўнлаб намойишчиларни отиб ўлдиришда масъул эканини айтди.

Киевдаги хотира маросимида сўзга чиққан Украина президентига кўра, Россия президенти Путиннинг ёрдамчиси Владислав Сурков “хорижий снайперлар гуруҳини” тузган.

Россия ташқи ишлар вазирлиги эса бу айбловни “бемаънилик” деб атаган.

Азиз ўқувчи! Агар Украина бўлсангиз сўнгги воқеалар сизга қандай таъсир қилмоқда? Бу ҳақда фикр-мулоҳазаларингизни uzbek@bbc.co.uk адресига йўлланг.Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ